Бухоро вилоят судида 17 март куни Нукус воқеалари иштирокчиларидан яна 39 нафарига нисбатан ҳукм эълон қилинди.
Суд ҳукмига мувофиқ, судланувчилардан 28 нафари 5 йилдан 11 йилгача озодликдан маҳрум этилган, 11 нафари эса шартли равишда суд залидан озод қилинган.
Бу 2022 йил 1-2 июль кунлари содир бўлган Нукус воқеалари бўйича иккинчи суд бўлиб, маҳкама жараёни жорий йилнинг 6 февралидан буён давом этаётган эди. Ҳукм олдидан прокурор суддан 37 нафар айбланувчига 5 йилдан 12 йилгача қамоқ, икки айбланувчига озодликни чеклаш жазоси берилишини сўраган эди.
Нукус воқеалари бўйича Бухородаги илк суд жараёни шу йилнинг 31 январида якунланган. Унда 22 кишига нисбатан суд қарори чиқарилган. Судда асосий айбланувчи сифатида кўрилаётган Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга қамалган, яна 17 киши 3 йилдан 8,5 йилгача озодликдан маҳрум этилган, Лолагул Қаллиханова дохил тўрт киши эса суд залидан озод қилинган.
Мазкур суд ҳукми билан 6 йилга қамалган Пўлат Шамшетов 4 февраль куни Бухородаги тергов ҳибсхонасида вафот этган. Суд-тиббий экспертизаси ишчи гуруҳи унинг ўлимига ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир юрак-қон томири етишмовчилиги сабаб бўлганини билдирган.
Қорақалпоғистонлик фаол Ақилбек Муратов Озодликнинг Current Time лойиҳаси билан суҳбатда Пўлат Шамшетовнинг ҳибсхонадаги ўлимини “ғалати” деб атаб, унинг Нукус воқеалари чоғида хавфсизлик кучлари томонидан ўқотар қуролдан фойдаланилган-фойдаланилмагани юзасидан асосий гувоҳ бўлганини айтган.
Нукус воқеалари чоғида, расмий маълумотларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Намойишлар куч билан бостирилган, бироқ ўзбек расмийлари ҳарбийларнинг намойишчиларга қарата ўқ узганини рад этган, Миллий Гвардия, ИИВ ҳамда Мудофаа вазирлиги намойишларни бостириш чоғида қўлланган махсус воситаларни намойиш қилган.
Аввалроқ АҚШ, Европа Иттифоқи, БМТ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳам ўзбек расмийларини Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан очиқ, ҳар томонлама ва шаффоф тергов ўтказишга, тинч намойишчиларга қарши ҳаддан зиёд куч қўлланилганига оид иддаоларни текширишга чақирган. Аммо иккинчи суддаги айбланувчилар орасида ҳам намойиш иштирокчиларига қарши ноқонуний куч қўллаганликда гумонланган хавфсизлик кучлари ходимлари кўринган эмас.
Жорий ҳафтада Тошкентда бўлиб, ўзбек расмийлари билан учрашган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк ҳам уларга Нукус воқеаларидан сабоқ чиқариш бўйича тавсиялар берганини айтган эди.