Нукус воқеалари бўйича суд давом этмоқда

Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида намойиш. 1 июль, 2022 йил.

Бухоро вилоят судида Нукус воқеалари бўйича айбланган 22 кишига нисбатан суд жараёни давом этмоқда. “Газета уз”нинг хабар беришича, 12-13 декабрларда гувоҳлар ва жабрланганларнинг кўрсатмалари тингланди.

Суд жараёнининг иккинчи ҳафтасида 5 декабрдан 7 декабргача 126 жабрланувчи тингланди. Улар орасида мулкига етказилган зарарни тўлаб беришни талаб қилаётганлар бўлган.

Суднинг учинчи ҳафтаси бошланиб, 12 декабрда 52, 13 декабрда 56 жабрланувчи тингланди. Хабарда таъкидланишча, уларнинг барчаси ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларидир. Улар Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан туриб видеоалоқа орқали судда қатнашганлар.

12 декабрда Тошкент ва Самарқандда яшовчи ҳарбийлар судда гувоҳлик берган. Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия ходимлари бўлган бу шахслар Нукусга намойишлар ортидан жамоат тартибини сақлаш учун юборилганларини айтишди.

Жумладан, ҳарбий хизматчи, капитан Рустам Бобожонов Нукусда у ўтирган БТРдаги ҳарбийларни норозилар калтаклагани ҳақида гувоҳлик берди. Капитан шу кунгача олинган жароҳатлардан даволанаётганини айтди. Қолган ҳарбийлар ҳам калтакланганларини айтишди.

13 декабрда судда самарқандлик, хоразмлик ва қорақалпоғистонлик бир қатор ҳарбий, ИИВ ва тиббиёт ходимлари ва оддий аҳоли вакиллари тингланди. Шу куни судланувчилардан бир нечтаси ҳарбийлардан кечирим сўрашди ва қилган ишларидан афсусда эканини айтишди.

Шундан сўнг судда тингланган 10 га яқин ҳарбий судланувчилар афсусда эканини эътиборга олиб, уларга енгилроқ жазо тайинлашни илтимос қилишди.