Ўтган йилнинг 1−2 июль кунлари Нукусда тартибсизликларга айланиб кетган норозилик намойишида иштирок этганликда айбланиб судланаётган 39 кишига нисбатан ҳукм 17 март куни эълон қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақдаОлий суд матбуот хизмати маълум қилди.
Прокурор суддан 37 нафар айбланувчига 5 йилдан 12 йилгача қамоқ, икки айбланувчига озодликни чеклаш жазоси берилишини сўраган.
Судланувчиларнинг асосий қисми Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисми билан, яъни қурол ёки қурол сифатида фойдаланиладиган бошқа нарсаларни ишлатиб ёхуд ишлатиш билан қўрқитиб шахсга нисбатан зўрлик ишлатиш, таҳдид қилиш, ўт қўйиш, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш, ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш орқали содир этилган оммавий тартибсизликлар ташкил қилиш, шунингдек, оммавий тартибсизликларда фаол қатнашишда айбланмоқда.
Қорақалпоғистондаги воқеаларга оид иккинчи суд мажлиси 6 февраль куни Бухоро вилоят суди биносида бошланган эди. 28 февраль куни суд яккунланган ва ҳукм эълон қилиниши санаси кейинроқ билдирилиши айтилган эди.
Нукус воқеалари бўйича Бухородаги илк суд жараёни шу йилнинг 31 январида якунланган. Унда 22 кишига нисбатан суд қарори чиқарилган. Судда асосий айбланувчи сифатида кўрилаётган Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга қамалган, яна 17 киши 3 йилдан 8,5 йилгача озодликдан маҳрум этилган, Лолагул Қаллиханова дохил тўрт киши эса суд залидан озод қилинган.
Мазкур суд ҳукми билан 6 йилга қамалган Пўлат Шамшетов 4 февраль куни Бухородаги тергов ҳибсхонасида вафот этган. Суд-тиббий экспертизаси ишчи гуруҳи унинг ўлимига ўпка артерияси тромбоэмболияси, ўткир юрак-қон томири етишмовчилиги сабаб бўлганини билдирган.
Қорақалпоғистонлик фаол Ақилбек Муратов Озодликнинг Current Time лойиҳаси билан суҳбатда Пўлат Шамшетовнинг ҳибсхонадаги ўлимини “ғалати” деб атаб, унинг Нукус воқеалари чоғида хавфсизлик кучлари томонидан ўқотар қуролдан фойдаланилган-фойдаланилмагани юзасидан асосий гувоҳ бўлганини айтган.