Нукуснинг ҳокими ўзгарди

Абатбай Данияров бунга қадар Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари бўлган.

Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳри ҳокими лавозимига Абатбай Данияров ҳоким этиб тайинланди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Абатбай Данияров бу лавозимда 2020 йил ноябрь ойидан буён Нукус ҳокими бўлиб ишлаб келган Утемурат Панаев ўрнини эгаллади. Расман Панаевнинг ишдан бўшатилиши сабаблари маълум қилинмади.

Абатбай Данияров бунга қадар Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари бўлган.

Данияровни ҳоким лавозимига тайинланиши юзасидан 26 июль куни ўтган халқ депутатлари шаҳар Кенгаши сессиясида Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев иштирок этди.

1987 йилда Нукусда туғилган Абатбай Данияров 2008 йилда Нукус давлат педагогика институтини инглиз тили ўқитувчиси мутахассислиги бўйича тамомлаган.