Нукусда номаълум моддадан заҳарланиш оқибатида бир киши вафот этгани хабар қилинди

Ўтган йилнинг 29 декабрь куни Нукус шаҳри 23-кичик туманидаги 1/39-уйда 2 киши номаълум этиологияли модда таъсирида заҳарланган. Бу ҳақда Нукус шаҳар ҳокимининг 6 январь куни мазкур ҳолатни текшириш юзасидан чиқарган қарорида билдирилган.

Ҳужжатдан келиб чиқилса, заҳарланган шахслар Республика тез тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиалига ётқизилган, бироқ кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, улардан бири вафот этган.

Қарорда айтилишича, бу ва бошқа бахтсиз ҳодисалар сабабларини ўрганиш ва олдини олиш бўйича ҳоким ўринбосари етакчилигида махсус комиссия тузилган.

Кейинроқ Bugun.uz нашри Нукусдаги заҳарланиш ҳодисаси ортидан уйда бўлганларнинг иккиси ҳам вафот этгани ҳақида хабар қилди. Нашрнинг қурбонларнинг қариндошидан олинган маълумотга таянган ҳолда ёзишича, қурбонлардан бири 22 ёшли И.Ж. бўлиб, у Қорақалпоғистон давлат университетининг Иқтисодиёт факультетида ўқиган, 18 ёшли иккинчи жабрланувчи А.К. эса И.Ж.нинг олдига янги йил байрами арафасида келган.

Bugun.uz манбаси воқеа ортидан мурдалар шифохонага эмас, тиббий экспертизага олиб кетилганини айтган. Унга кўра, йигитларга ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаган, чунки улар жон таслим қилиб бўлганлари учун бунга ҳожат қолган эмас.

Аввалроқ Қорақалпоғистоннинг Чимбой туманида ўтган ой ўртасида ис газидан заҳарланиш оқибатида бир оиладан беш киши вафот этгани ҳақида хабар қилинган эди.