Нурафшонда ёдгорлик ва кутубхона қурилмайди. Ажратилган пул муҳтожларга берилади

Нурафшонда қурилиши режалаштирилган кутубхона лойиҳаси. Тошкент вилоят ҳокимлиги фотоси.

Тошкент вилояти маркази Нурафшонда Зулфия Зокирова ёдгорлик комплекси ва кутубхона қуришга ажратилган 34,4 миллиард сўм муҳтожларга кўмак учун сарфланадиган бўлди. Вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг қарори билан мажмуа қурилиши бекор қилинди.

Тошкент вилоят ҳокимлигининг билдиришича, ёдгорлик ва кутубхона қурилишига ажратилган пул маҳаллий бюджетга қайтарилади. Бу пулнинг 1 миллиард 650 миллион сўми вилоятдаги ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг уй-жойларини таъмирлаш учун вилоят «Саховат ва кўмак» жамғармасига ўтказиб берилди.

Зулфия Зокирова Иккинчи жаҳон урушида бешта ўғлини йўқотган она ҳисобланади. Зокирова тақдири акс этган “Илҳақ” фильми суратга олинган. Тошкентдаги Ғалаба боғида унинг ҳайкали ўрнатилган.

Тошкент вилоят ҳокимининг Нурафшонда Зокирова хотирасига яна бир ёдгорлик мажмуаси барпо этиш қарори Ўзбекистон жамоатчилиги томонидан кескин танқид қилинган. Жумладан, таниқли ёзувчи Улуғбек Ҳамдам Фейсбук саҳифасида: “Ҳозирда халқимизнинг асосий қисми ўртачадан ҳам пастроқ, яъни уйида чакса унсиз ҳолда кун кўраётган бир пайтда битта ҳайкалга халқнинг пулидан шунча маблағ ажратиш томбошига қўштандир ўрнатиш деганидир”, деб ёзган эди.