Нью-Йоркда ўзбекистонлик ўз оиласидан тўрт кишини ўлдирди

Иллюстратив сурат

АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида ўзбекистонлик йигит ўз оила аъзоларидан тўрт нафарини ўлдирган.

New York Post нашри хабарига кўра, ҳодиса 19 июль куни Бруклиндаги Ғарбий саккизинчи кўчада содир бўлган. 24 ёшли йигит ўз онаси, келинойиси ва икки жиянини пичоқлаб ўлдирган.

Жума куни соат 22:20 ларда Нью-Йорк полицияси ходимлари шаҳар кўчаларидан бирида қотилликда гумонланаётган шахснинг онаси – бўйнига кўплаб марта пичоқ урилган 56 ёшли Мавлуда Файзиеванинг жасадини топишган.

Қотилликда гумонланаётган шахснинг жиянлари бўлмиш 5 яшар Камила ва 4 яшар Тимурнинг жасадлари эса уйдаги шкафга солинган қоп ичидан топилган.

Ўлдирилган болаларнинг онаси – 27 ёшли Мафтуна Ҳакимованинг жасади ҳам фарзандларининг жасади яқинида бўлган. Она ва болаларнинг жасадларида ҳам кўплаб пичоқ излари топилган.

Воқеа ортидан гумонланувчи ҳибсга олинган. Полициячилар фикрича, у руҳан носоғлом бўлиши мумкин. Айни пайтда нашр суҳбатлашган воқеа гувоҳларидан бири қотилликда гумонлаётган шахснинг гиёҳванд моддалар истеъмол қилиб юрганини айтган.