“Ўлик жонлар” ва миллионлаб долларлик талон-торож: афғон армияси мағлубиятининг бош сабаби – коррупциями? (ВИДЕО)

Афғонистон миллий қуролли кучларининг мағлубияти кўплаб ҳарбий таҳлилчилар ва сиёсатшуносларни эсанкиратиб қўйди. Ҳукумат армия толибларга деярли жангсиз таслим бўлди, ҳолбуки, АҚШ ва НАТО сўнгги 20 йил давомида унинг таълими ва қуролланишига миллиардлаб доллар сарфлаган эди.

Нега шундай бўлди? Ғарб коалицияси кучли, замонавий армияга эга Афғонистонни мустақил ҳаётга тайёрлаш режасини нега амалга ошира олмади?

2021 йил июль ойида ҳам АҚШ президенти Жо Байденнинг афғон ҳукумати ва армиясидан кўнгли тўқ эди. Журналистларнинг "Толибон Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаши мумкинми?" деган саволига жавобан Байден қатъий қилиб шундай деган эди:

“Йўқ. Чунки Афғонистон армиясида 300 минг аскар бор. У яхши замонавий армия каби таълим олган ва қуроллантирилган. Толибон жангарилари сони эса атиги 75 минг”.

Бироқ АҚШ ўз ҳарбийларини мамлакатдан тўлиқ кўламда олиб чиқиб кетишга киришиб, афғон армиясини ҳаводан дастаклашни тўхтатиши билан Афғонистон ҳукумати қўшинлари толибларга жангсиз таслим бўла бошлади. Бир неча ҳафта мобайнида матбуот афғон шаҳарлари бирин-кетин ишғол қилинаётгани ҳақида хабар берди, 15 августга келиб, биргина Панжшер вилоятини истисно қилганда, бутун мамлакат – жумладан, пойтахт Кобул Толибон назоратига ўтди.

Маълум бўлдики, Байденнинг кутганига хилоф ўлароқ, афғон миллий кучлари НАТО ҳарбийлари мададисиз толибларга мутлақо қаршилик кўрсата олмас экан.

Британиянинг “Guardian” нашри ёзишича, Америка генераллари афғон армияси, махсус хизматлари ва полициясининг жанговар салоҳиятини ҳамиша ошириб кўрсатишган. 20 йил мобайнида АҚШ уларнинг қурол-аслаҳаси ва таълимига улкан маблағ – 88 миллиард доллар харжлади. Аммо Қўшма Штатлар назорат идораларининг яқинда берган баёнотига кўра, америкалик генераллар Афғонистон армиясининг жанговар қобилияти ҳақида асоссиз равишда мунтазам ижобий хулоса бериб келганлар. Президент Байден эса, қўшинларни олиб чиқиб кетиш ҳақида қарор қабул қиларкан, турган гапки, ўз ҳарбийлари тақдим этган ёлғон ҳисоботларга таянган. Яъни, Оқ уйдагилар Афғонистондаги коррупциянинг реал кўлами ва даражасидан бехабар бўлишган.

“Афғон армияси манфаатлари учун етказиб берилган мол-мулк, жумладан, қурол-яроғ, уст-бош ва анжомларнинг тақрибан учдан бир қисми собиқ афғон раҳбарияти томонидан талон-торож қилинган. Қуролли бўлинмалар шахсий таркибининг 20 фоизи “ўлик жонлар” бўлган: улар учун озиқ-овқат, қурол ва иш ҳақи олинган, лекин аслида улар бўлмаган. Афғон армияси корпусларидан бирини толиблар тор-мор қилганида аён бўлдики, шахсий таркибнинг фақат ярми мавжуд экан. Қолганларнинг номи бўлган холос, улар хизматни қоғозда ўтаб юрган!” дейди Замонавий Афғонистонни ўрганиш маркази эксперти Никита Мендкович.

88 миллиард доллар нимага сарфланган – буни ҳали тафтиш қилиш лозим. Назорат идоралари тез орада ушбу мавзуда АҚШ Конгрессига ҳисобот беришни ваъда қилмоқда. Аммо Кобулда қўлланган коррупция схемалари аллақачон Ғарб матбуотининг асосий мавзуларидан бирига айланган.

“Бу коррупция схемаларида Афғонистон ҳукуматининг ҳудудлардаги ўрта бўғин мулозимлари, вазирлар, вазир ўринбосарлари иштирок этган. Баъзи маълумотларга қараганда, чет эл контингентлари вакиллари ҳам талон-торожга аралашган бўлиши мумкин”, дейди Украина Келажак институти таҳлилчиси Илия Куса.

Журналистларга кўра, афғон армиясида энг кўп ўғирланган нарса бу НАТО коалицияси эҳтиёжлари учун келтирилган ёқилғидир. Назоратчи инспекторлар мамлакатда НАТО ҳарбий контингенти бўлган бутун вақт мобайнида қарийб 155 миллион долларлик ёқилғи ўмарилганини ҳисоблаб чиқишди.

“Жалолободда Америка армияси зобитларидан бири афғон армияси учун етказиб бериладиган ёқилғи ҳамиша тез тугаб қолиши ёки ғойиб бўлиши ҳақида сўзлаб берганди. Шундай ҳоллар бўлганки, ёқилғи етишмовчилиги туфайли ҳарбий амалиётлар ўтказилмай қолган. Ва бу биргина ҳолат эмас, армия таъминотида ўғирлик жуда кенг тарқалган эди. Кўплаб америкалик тафтишчилар АҚШ ҳарбийлари Афғонистонда ишлаган йилларда миллионлаб доллар қийматли ёқилғи талон-тарож қилинганини қайд этишмоқда, маҳаллий ҳарбийлар ёқилғини ўғирлаб, қора бозорда пуллашни касб қилишган”, дея ҳикоя қилади АҚШ мудофаа вазирлигининг “Stars and Stripes” газетаси журналисти Д.П Лоуренс.

Афғон армияси ҳарбий хизматчиларига таълим бериш ва ҳарбий техникага хизмат кўрсатиш билан шартнома асосида шуғулланган ширкатлардан 17 таси америкалик пудратчилардир. Логистика, қурилиш, ҳарбий жиҳозларга техник хизмат кўрсатиш айнан уларнинг зиммасида бўлган. Мазкур ширкатлар персонали жами 18 минг кишидан иборат бўлиб, шундан фақат учдан бири АҚШ фуқароларидир. Хусусан, “Textrom Systems” ширкати АҚШ мудофаа вазирлиги билан тузилан беш йиллик шартномага мувофиқ, 50 миллион доллар эвазига Баграмдаги АҚШ авиабазаси ҳимоя тизимини такомиллаштириб бериши, жумладан, учувчисиз учар қурилмали тизимлар ва разведка билан таъминлаши лозим бўлган.

Афғонистонда ишлаш учун пудратчилар билан энг кўп шартномаларни америкаликлар Дональд Трамп президентлиги даврида тузишган: ушбу шартномаларнинг умумий қиймати 820 миллион доллардан зиёд. 2017 йилда АҚШ армияси муҳандислик корпуси собиқ ходими Марк Миллер афғон пудратчиларидан 320 минг доллар пора олганига иқрор бўлганди. Миллер Афғонистон шарқидаги Кэмп Кларк ҳарбий базасидаги қурилиш майдонида менежер бўлиб ишлаган. Пора эвазига у афғон ширкатларига АҚШ мудофаа вазирлиги ушбу шартномаларни бекор қилмаслигини кафолатлаган.

Экспертлар ўғрилик ва коррупциядан ташқари, яна бир муаммо ҳақида гапиришмоқда. 2017 йилдан эътиборан америкалик ҳарбийлар, собиқ президент Ашраф Ғани талабига биноан, афғон аскарлари орасида бўлган қурбонлар ва қочоқлар сони ҳақидаги маълумотларни эълон қилмай қўйишган эди. Тўрт йилдан кейингина айрим рақамлар очиқ ахборот майдонига чиқарилди: дезертирлар сони 100 минг кишини ташкил қиларкан.

Америкалик тафтишчилар айтишича, ҳар йили АҚШ пулларига сақланаётган ва таълим олаётган афғон аскарларининг қарийб учдан бир қисми армиядан қочиб кетган. Ҳар йили Афғонистон армияси учдан бир ҳиссага камайиб кетавергани учун янги рекрутларни ёллаш ва уларга яна бошидан таълим беришга тўғри келган.

“Жуда кўп пул бебилиска сарфланган ёки талон-торож қилинган. Коррупция даражаси ҳар йили юқорилигича қолаверган, унга қарши курашда бирор жиддий қадам ташланмаган”, урғулайди Украина Келажак институти таҳлилчиси Илия Куса.

Афғонистон анчадан бери дунёнинг энг коррупциялашган мамлакатларидан бири саналади: “Transparency International” ташкилотининг сўнгги рейтингида Афғонистон энг қуйида – 165-ўринда турибди. Ғарб давлатлари миллиардлаб доллар сармоя киритган йилларда ҳам Афғонистонда вазият ўзгармаган.

“Биз уларга барча зарур нарсаларни бердик. Иш ҳақи тўладик. Авиация бердик, ҳолбуки Толибоннинг авиацияси йўқ. Ҳамма нарсани бердик, улар ўз келажаги учун курашсинлар, деб. Аммо биз, ўз келажаги йўлида жанг қилиши учун уларга ирода бера олмадик”, урғулаган эди АҚШ президенти Жо Байден афғон армияси Кобулни толибларга топширганидан кейин уларнинг мағлубиятига изоҳ бераркан.