Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар орқали жума табрикларини тарқатишга рухсат этилган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати ўз хабарномасида ЎМИнинг расмий веб-сайтлари, масжид-мадрасалар, иқтидорли имом-хатибларнинг сайт ва ижтимоий тармоқ саҳифаларини мутолаа қилиш ҳамда улардаги маълумотларни яқинларига улашиш мумкинлигини урғулаган.
Диний идора қайдича, ижтимоий тармоқлардаги жума табриги, Қуръон оятлари, пайғамбар ҳадислари, мамлакат уламолари ва имом-домлаларининг мавъизаларини тарқатиш мумкин эмаслигига оид иддао асоссиз.
“2021 йил 5 июлдаги “Ўзбекистон Республикасининг Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунига асосан эътиқод эркинлиги кафолатланган. Шунга кўра, фуқаролар динга эътиқод қилиш, диний расм-русумлар ва маросимларни ўтказиш ҳамда ўз динининг таълимотларини ўрганиш ҳақ-ҳуқуқига эгадир”, дейилган хабарномада ўзбекистонлик мусулмонлар “расмий, ишончли ижтимоий тармоқлардаги диний-маърифий мазмундаги барча маълумотларни мутолаа қилишлари ҳамда яқинларига улашишлари мумкин”лиги урғуланади.
ЎМИ мусулмонлар фойдаланиши мумкин бўлган ресурслар қаторида “расмий ва етакчи электрон манбалар рўйхати”ни келтирган. Бунинг баробарида Диний идора “экстремистик ғояларни ҳар қандай шаклда – хоҳ жума табриги бўлсин, хоҳ бошқача атрибут ёки сурат шаклида бўлсин – тарқатиш, сақлаш ва фойдаланиш қонунан таъқиқланган”идан огоҳлантирган ҳамда аввалроқ Олий суднинг Ўзбекистонда тақиқланган экстремистик сайт ва ижтимоий тармоқлардаги профиль, канал ва гуруҳлар рўйхати борлигини эслатган.
Айни пайтда хабарномада ЎМИ томонидан тавсия этилган расмий манбалар рўйхатида бўлмаган, Олий суднинг тақиқланган сайт, гуруҳ ва профиллар рўйхатига ҳам кирмаган сайт ёки профиллардаги диний контентдан фойдаланиш мумкин ёки эмаслигига аниқлик киритилмаган. Шундан келиб чиққан ҳолда, хабарномадан ўзбекистонлик мусулмонларга диний блогерлар ёки алоҳида имомлар тарқатаётган контентдан фойдаланиш мумкин ёки эмаслиги англашилмай қолган.
Аввалроқ Ўзбекистонда танишларига нашида йўллагани учун бир неча нафар ёш йигитнинг судланиб, қамалгани қайд этилган, бу ҳолат ортидан ижтимоий тармоқларда қандай диний контент тарқатиш мумкин ёки эмаслиги, бу каби чекловлар диний эркинликни кафолатловчи қонунларга нақадар мувофиқлиги юзасидан баҳс-мунозаралар келиб чиққан эди.