Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази “криптавалюталар билан савдо-сотиқ қилиш шаръан жоиз эмас”лиги ҳақида 3 июнь куни ўзи томонидан ёйинланган фатвога раддия берди. Қайд этилишича, бу фатво “эҳтиётсизлик оқибатида ижтимоий тармоқларда эълон қилинган”.
“Фатво маркази директори Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва у кишининг ўринбосарлари муборак ҳаж сафарида экани, мазкур фатво лойиҳаси атрофидаги илмий-тадқиқот ишлари ҳали ниҳоясига етмагани ва шунингдек, замонавий масалаларни кенг қамровли ўрганиш ишлари олиб борилаётганини билдирамиз. Сиз азизлардан узр сўраган ҳолда ушбу фатво устидаги илмий тадқиқотларни ниҳоясига етказиб, қайта эътиборингизга ҳавола қилинишини маълум қиламиз”, дейилган “ТУЗАТИШ ВА УЗРНОМА” сарлавҳали хабарномада.
Озодлик аввал хабар қилганидек, душанба куни ЎМИ Фатво маркази томонидан “Биткоин, ноткоин каби криптавалюталарни ўзаро айирбошлаш ва улар билан савдо-сотиқ қилиш шаръан жоиз эмас”лиги ҳақида фатво ёйинланган, бу “ушбу криптовалюталарда Ислом шариати томонидан пулга қўйилган талаблар топилмаслиги” билан изоҳланган эди.
“Қолаверса, уларни бирор давлат ишлаб чиқармагани ёки расман тан олмагани, нархининг кескин ўзгарувчанлиги ҳамда унда қимор аломатлари борлиги у билан муомала қилиш ҳаром эканига асос бўлади”, дейилганди Фатво маркази қайдида.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво марказининг ҳар қандай фатвоси дунёвий давлат ҳисобланган Ўзбекистонда фақат Ислом динига эътиқод қилувчилар учун тавсия характерига эга бўлиб, уларга амал қилмаслик ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармайди.
Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги 2021 йил 22 ноябридан бошлаб Ўзбекистон резидентларига биржаларда криптовалюта сотиб олишга рухсат бергани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.