Биткоин, ноткоин каби криптавалюталарни (рақамли валюта тури - таҳр.) ўзаро айирбошлаш ва улар билан савдо-сотиқ қилиш шаръан жоиз эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази маълум қилди.
ЎМИ вакиллари бу фатвони “ушбу криптовалюталарда Ислом шариати томонидан пулга қўйилган талаблар топилмаслиги” билан изоҳлаган.
“Қолаверса, уларни бирор давлат ишлаб чиқармагани ёки расман тан олмагани, нархининг кескин ўзгарувчанлиги ҳамда унда қимор аломатлари борлиги у билан муомала қилиш ҳаром эканига асос бўлади”, дейилган Фатво маркази жавобида.
ЎМИ вакиллари қайдича, айни пайтда фақат электрон кўринишда мавжуд бўлган "рақамли пул”лар вақт ўтиши билан шариатга мувофиқ товар ва пулга қўйилган шартларга тўлиқ жавоб бера олса, шундагина улардан фойдаланишнинг ҳукми ҳам ўзгариши мумкин.
“Демак, криптовалюталарнинг ҳукми ҳалол бўлмагунча мўмин мусулмонлар бу пуллар билан савдо қилмай туришлари лозимдир”, дея хулоса қилган ЎМИ Фатво маркази.
Хабарномада криптовалюталар савдоси ҳозирга қадар Дунё мусулмон улармолари бирлашмаси, Саудия Арабистони кибор уламолари ҳайъати, Миср Араб Республикаси “Дорул ифто” фатво маркази, Иордания фатво идораси, Туркия диёнат ишлари бошқармаси фатво маркази, Ливия фатво уйи ва Фаластин фатво маркази каби нуфузли фатво уюшмалар томонидан ҳаром деб топилгани қўшимча қилинган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази фатволари дунёвий давлат ҳисобланган Ўзбекистонда фақат Ислом динига эътиқод қилувчилар учун тавсия характерига эга бўлиб, уларга амал қилмаслик ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармайди.
Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги 2021 йил 22 ноябридан бошлаб Ўзбекистон резидентларига биржаларда криптовалюта сотиб олишга рухсат бергани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.