Қурилишда ишлаш учун ўзбекистонликларни жалб қилиш бўйича пилот лойиҳа доирасида 10 минг нафар меҳнат муҳожири яқин орада соддалаштирилган тартиб асосида Россияга ишга жалб қилинади. Бунга оид келишувга 10-11 сентябрь кунлари Ўзбекистонда бўлган Россия Федерацияси Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири ўринбосари Андрей Пудов бошчилигидаги делегация билан эришилган. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева 15 сентябрь куни АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилган.
Мулозиманинг айтишича, россиялик расмийлар билан келишувга мувофиқ, номзодларни ишга жалб қилиш билан боғлиқ, жумладан, тиббий кўрикдан ўтказиш, эмлаш, рус тили, Россия тарихи ва қонунчилиги бўйича имтиҳон топшириш, патент расмийлаштириш ва транспорт харажатлари иш берувчилар томонидан қопланиши кўзда тутилган.
Шунингдек, россияликлар билан Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқаролар учун патент олишда талаб этиладиган дактилоскопик рўйхатга олиш ва расмга олиш жараёнларини икки давлат Ички ишлар вазирликлари томонидан Россия томони ускуналари ёрдамида Ўзбекистонда амалга оширишга келишиб олинган.
Айни пайтда Россия Федерацияси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган фуқароларни эмлаш ва коронавирусга қарши тест топшириш жараёнларини икки давлат мутахассислари томонидан Россия томони тиббий ускуналари ёрдамида биргаликда Ўзбекистонда амалга ошириш ҳамда уларнинг натижаси бўйича тиббий маълумотларни “COVID-19сиз саёҳат” иловаси тизимига интеграция қилиш белгиланган.
Шу ўринда сўнгги пайтларда Ташқи иш миграция агентлиги томонидан хорижга, хусусан, Россияга ишга йўлланаётган ўзбекистонликларнинг ҳақлари поймол этилаётгани ҳақида шикоятлар кўпайиб бораётганини ҳам қайд этиш жоиз. Шу каби шикоятлар асосига қурилган кўламли журналистик суриштирувлардан бири яқинда россиялик таниқли журналист Алексей Пивоваров бошлигидаги “Редакция” YouTube-канали журналистлари томонидан ёйинланган эди.