2019 йилда оғир ва ўта оғир жиноятларда айбланиб, 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган Ўзбекистон собиқ бош прокурори Рашид Қодиров бундан бир неча кун аввал шартли равишда озодликка чиқарилган. Бу ҳақда “Kun.uz” нашри ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги манбаларига таянган ҳолда хабар қилди.
2000-2015 йилларда бош прокурор лавозимида ишлаган Рашид Қодировнинг 2018 йил 22 февраль куни қамоққа олингани ҳақида Озодлик биринчи бўлиб хабар берган эди.
Олти ойга яқин давом этган суд жараёни “Давлат сирлари тўғрисида”ги қонун талабларига мувофиқ ёпиқ тарзда ўтказилган. Р. Қодиров пора беришга далолат қилиш, фирибгарлик, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш, тергов қилишга ва суд ишларини ҳал этишга аралашиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш каби бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топилган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри суди 2019 йил 26 июнь куни Р. Қодировга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида жарима жазоси тайинлаган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев 2018 йил 19 май куни Андижон вилояти Улуғнор туманидаги йиғинда қамоққа олинган Қодировни “қип-қизил ўғри” деб атаган эди.
“Мана, бош прокурор бутун бошли жамоаси билан қамоқда ётибди. Миллион-миллион доллар топшириб ётибди. Икки-уч ой ичида телевидение орқали ўзини гапиртираман. Негаки, коррупциялаштириб юборганди, ҳар бир туман прокуроридан 30-40 минг доллар олган. Ҳаммасини қайтариб беряпти... Ҳаммаси бориб, Болтиқбўйида уй қуриб олган. Суратларини кўрсангиз, кечирасиз, Амир Темур бобомиз шунча миллатнинг раҳбари бўлиб ҳам, ундай жойларда яшамаган. Амирликнинг шайхлари ҳам бунақа жойда яшамайди. Кимнинг пули булар – халқники! Қодиров ким ўзи? Қип-қизил ўғри одам бўлган”, деган эди Ш. Мирзиёев.
“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Р. Қодиров озодликка чиққанини тасдиқлаб, собиқ бош прокурор ҳақидаги фильм кўрсатилмаганини эслаган.