Ўнлаб газ тўлдириш шохобчаси нархни сунъий оширишда айбланди

Иллюстратив сурат

Иллюстратив сурат

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларида сиқилган газ нархи сунъий равишда оширилгани аниқланди. Қўмита матбуот хизмати қайдича, вилоятдаги 44 та автомобилга газ тўлдириш шохобчаси рақобатга қарши тил бириктирган.

2024 йил 6 декабрига қадар Бухоро вилоятида 1 м³ сиқилган газ учун чакана нарх 3850-3950 сўм оралиғида бўлган. Бироқ 7-9 декабрь кунлари нарх 4150 сўмгача кўтарилган.

Ҳудудий бошқарма рақобатлашаётган хўжалик юритувчи субъектлар нархни сунъий тарзда кўтарган ва бунда рақобатга қарши келишувлар ёки мувофиқлаштирилган ҳаракатлар мавжуд деб ҳисоблайди.

Улар харажатларнинг ошиши учун иқтисодий асос мавжуд бўлмаган ҳолатда, умумий ташқи омиллар таъсирисиз ва рағбатлантирувчи заруратсиз нархларни бир вақтда ёки кетма-кетликда оширгани ва истеъмолчилар ҳисобидан ноқонуний даромад орттиргани айтилмоқда.

Текширув натижалари юзасидан мазкур субъектларга нисбатан молиявий жарима қўллаш ҳамда қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича кўрсатма берилган.

Рақобат қўмитаси аввалроқ мамлакатдаги 1300 га яқин дорихона нархни асоссиз оширгани ҳақида маълум қилганди.

Айни пайтда тармоқ фаоллари Рақобат қўмитасини худди келишиб олгандек бирин-кетин тарифларини қимматлаштирган мобиль алоқа компаниялари, интернет провайдерлар, такси агрегаторлари ҳамда автомактабларга нисбатан ҳам чора кўришга ундаган.