Ўнлаб ўзбекистонлик эркак Абу Дабига киритилмади

Абу Даби (иллюстратив сурат)

Wizz Air авиакомпаниясининг 30 ноябрь кунги 5W7160 рақамли рейси билан Тошкентдан БААнинг Абу Даби шаҳрига учиб борган 31 нафар Ўзбекистон фуқароси аэропортдан чиқарилмаган.

Gazeta.uz хабарига кўра, Шайх Зайд номидаги аэропорт ходимлари аёллар, болалар ва кексаларни қўйиб юборгани ҳолда 20 ёшдан 40 ёшгача бўлган эркакларни ушлаб қолган.

Номаълум сабабларга кўра ўзбекистонлик эркакларнинг паспорти олиб қўйилиб, сўроқ қилинган.

Йўловчилар узоқ вақт овқатсиз қолганлари ва босимга учраганларидан шикоят қилишган.

Ўзбекистоннинг БААдаги элчихонаси 31 нафар Ўзбекистон фуқароси “номаълум сабабларга кўра” аэропортда ушлаб турилганини тасдиқлади.

“Ўзбекистоннинг Абу Дабидаги элчихонаси ва Дубайдаги бош консулхонаси аэропорт маъмурияти ва амирликларнинг масъул идоралари вакиллари билан мулоқотда бўлиб, вазиятни назоратга олган”, дейилган дипломатик ваколатхона ахборотида.

Элчихонага кўра, аэропорт маъмурияти билан ҳамкорликда ўзбекистонликларни уч маҳал овқат билан таъминлаш ҳамда уларга зарур тиббий ёрдам чоралари кўрилган.

Cўнгги хабарларга кўра, Абу Даби аэропортида бир суткадан ортиқ қолиб кетган 10 дан зиёд Ўзбекистон фуқароси Тошкентга қайтарилган. Улар ўз ҳисобидан чипта харид қилишга мажбурланган.

Ушбу ҳодиса ортидан ижтимоий тармоқларда БАА ҳудудига муайян ёшдаги ўзбекистонлик эркакларнинг кириши тақиқлангани ҳақида тахминлар илгари сурилди.

Абу Даби ҳаво қўналғасида ўзбекистонликларнинг ушлаб қолиниши ва сўроққа тутилиши Амирликлар ҳудудида яҳудий руҳонийси Цви Коган ўлдирилиши ортидан рўй бермоқда.

Ўтган ҳафта Бирлашган Араб Амирликлари Ички ишлар вазирлиги исроиллик раввин ўлимида гумонланган уч ўзбекистонлик қўлга олинганини маълум қилганди.

БАА ИИВ баёнотига кўра, қотилликда гумонланаётганларнинг исми Олимбой Тоҳирович, Азизбек Комилович ва Маҳмуджон Абдураҳим бўлиб, улардан икки нафари 28 ёшда, яна бири эса 33 ёшдадир.