Қирғизистоннинг Ўш вилоятида сел тошқини бир машинани оқизиб кетгани натижасида бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 21 апрель кунги маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.
Вазирлик матбуот хизматига кўра, Мирзаке – Қорағулжа – Олойқув автойўлининг 41-километрида (Қорағулжа тумани) ичида бир эркак, икки аёл ва бир ёш бола бўлган автомобилни сел тошқини суриб кетган.
Қайд этилишича, аёллар ва болани маҳаллий аҳоли вакиллари қутқаришга муваффақ бўлишган, ҳайдовчини эса оқим суриб кетган. Қидирув ишлари натижасида эркак жасади топилиб, қариндошларига топширилган.
Ўш вилоятининг Олой, Қорағулжа, Ўзган ва Қорасув туманларида 20 апрель куни ёғиб ўтган шиддатли жала сел тошқини юзага келишига сабаб бўлган. Мазкур туманларда фавқулодда ҳолат тартиби эълон қилинган.
ФВВнинг маълум қилишича, табиий офат туфайли автомобиль йўлларининг бир қанчаси ёпилиб қолган, тошқин оқибатларини бартараф қилиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
Вазирлик 21-23 апрель кунлари ҳам мамлакат жанубидаги Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларидаги тоғолди ҳудудларида сел хавфидан огоҳлантирган.