Ўшда бозор савдогарлари митингидан тўрт киши тутиб кетилди

Ўшдаги марказий бозорга олиб ўтувчи кўприклардан бири (Қирғизистон Бош прокуратураси фотоси)

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида марказий бозор савдогарлари томонидан 22 июль куни уюштирилган норозилик акцияси чоғида милиция ходимлари тўрт кишини ушлаб кетган.

Озодликнинг қирғиз хизмати томонидан ёйинланган видеода акция иштирокчилари Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев билан учрашув талаб қилишаётгани, бир муддатдан кейин эса митингчиларнинг айримлари милиция микроавтобусига тиқиб, олиб кетилаётганини кўриш мумкин.

Мазкур митингга Оқбура дарёси устига қурилган кўприкларнинг бузилаётгани сабаб бўлган, савдогарларга кўра, бу бузилишлар сабаб улар ўз иш жойларига ўта олишмаяпти. Улар бозорни кўчириш муддатини узайтиришни ҳам талаб қилишмоқда.

Савдогарларнинг бошқа қисми эса бозорни эски жойида қолдиришни талаб қилиб чиқишган. Уларга кўра, янги бозор савдо-сотиқ учун ноқулай жойда, марказдан олисда жойлашган бўлиб, у ерга мижозлар бормаслиги мумкин.

Аввалроқ Ўш шаҳар прокуратураси Оқбура дарёси устида ўзбошимчалик билан йўловчилар ўтадиган 10 та кўприк қуриб олингани, бу иш юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган эди.

Кейинроқ МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиев Оқбура дарёси бўйлаб ноқонуний равишда қурилган бинолар, кўприклар ва дам олиш жойлари бузилишини билдирган. Мулозим ноқонуний қурилишларга рухсат берган мансабдор шахслар ҳам жавобгарликка тортилишидан огоҳлантирган.

Ўш шаҳар ҳокимияти марказий бозор одатий тартибда ишлаётгани, янги бозор битгунича савдогарларга марказий бозорда ишлашга рухсат берилганини маълум қилган. Мэрия қайдича, янги бозор икки ой ичида қуриб битказилиши керак.

Жорий йилнинг 14 июль куни Ўшда кузатилган шиддатли жала туфайли Оқбура дарёси қирғоғидан тошиб чиққан, бунинг оқибатида шаҳар марказий бозори ва дарё қирғоғидаги объектлар сув остида қолган эди. Сел тошқини натижасида беш киши қурбон бўлган, улардан тўрт нафари битта оила аъзолари бўлишган.