Ўшда диний экстремизм айблови билан қидирувга берилган ўзбекистонлик қўлга олинди

Иллюстратив сурат

Қирғизистоннинг Ўш вилоятида диний-экстремистик фаолиятда гумонланиб қидирилаётган ўзбекистонлик қўлга олинган. Бу ҳақда 24.kg сайти Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотига таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, 51 ёшни қоралаган К. Ш. Т. тезкор-қидирув тадбирлари чоғида ушланган.

МХДҚ хабарномасида Андижон вилоятида туғилган мазкур шахс Ўзбекистонда конституциявий тузумга тажовуз қилганликда айбланиб, қидирувга берилгани урғуланган.

Kaktus Media хабарига кўра, қўлга олинган ўзбекистонлик айни пайтда Қирғизистон Адлия вазирлиги қошидаги Жазони ўташ хизматига қарашли 5-тергов ҳибсхонасида сақланмоқда. Хабарларда унинг ватанига экстрадиция қилиниб-қилинмаслиги бўйича ҳеч қанақа маълумот берилган эмас.