Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Ўш шаҳрида Божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари - айни пайтда қидирувда бўлган Раимбек Матраимовга қарашли уйни муҳрлаб қўйди.
“Раим миллион” лақаби билан танилган Матраимовнинг муҳрланган уйи Ўшнинг Супаналиев кўчасида жойлашган. Бундан ташқари, бир неча манба Озодликнинг қирғиз хизматига собиқ божхоначига тегишли экани айтиладиган JAMBY бизнес маркази ҳам муҳрланганини, бироқ яқинда ўз ишини қайта бошлаганини маълум қилишган. Махсус хизматлар мазкур масала юзасидан ҳали изоҳ беришганича йўқ.
МХДҚ Матраимовни Қирғизистон Жиноят кодексининг 169-моддаси (“Ноқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш”) бўйича очилган жиноят иши доирасида январь ойи охирида қидирувга берган. Собиқ божхоначининг айни пайтда қаерда экани маълум эмас. Бироқ бу махсус хизматларнинг бутун мамлакат бўйлаб Матраимовга тегишли мол-мулкни мусодара этишига халақит бермаган.
Аввалроқ МХДҚ раҳбари Қамчибек Ташиев махсус хизматлар Бишкек ва Ўшда Матраимовнинг 80 миллион долларга баҳоланаётган мол-мулкини мусодара қилганини маълум қилган эди. Кейинроқ қўмита собиқ амалдорнинг давлат ҳисобига ўтказилган мулклари рўйхатини эълон қилган. Улар орасида Бишкекдаги “Бай Таш Tower” тураржой мажмуасининг беш қавати ва “Ерем” спортклуби ҳамда “БИМИ Ош Сервис” деб номланган божхона ҳужжатлари расмийлаштириладиган жой ҳам бўлган.
Матраимов томони собиқ божхоначига қарши очилган жиноят иши ва мол-мулкнинг мусодара этилиши юзасидан ҳали бирор изоҳ берганича йўқ.
Раимбек Матраимов Озодлик радиоси, Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни тадқиқ қилиш дастури (OCCRP) ҳамда Бишкекдаги Kloop сайти 2019 йилдан буён ҳамкорликда ўтказиб келган журналистик суриштирувларда қатор коррупцион схемалар орқали ноқонуний бойигани иддао қилиб келинган қирғизистонлик энг таниқли собиқ амалдорлардан биридир. У 2015-2017 йилларда Божхона хизмати раҳбарининг ўринбосари бўлиб ишлаган.
2020 йил октябрида Матраимов коррупцияга оид айбловлар қўйилган. Ўшанда у судда ўзига қўйилган айбловни тан олган ва 260 минг сўмлик жаримага тортилган эди. Мазкур суддан олдин у мамлакат бюджетига 2 миллиард сўм маблағ киритган - бу маблағнинг бир қисми нақд пул шаклида, бошқа қисми эса мол-мулк кўринишида бўлган.
Орадан уч йил ўтгач, махсус хизматлар яна Матраимов билан қизиқиб қолишган. Бу 2023 йилнинг октябрь ойида Қирғизистонда ўтказилган амалиёт чоғида жиноят олами лидери Қамчи Колбаев ўлдирилганидан кейин рўй берган. МХДҚ раиси Ташиев ўшанда Матраимов билан Колбаев тиғиз алоқада бўлганини иддао қилган эди.