Қирғизистоннинг Ўш вилояти Аравон туман суди Россия қўшини таркибида Украинадаги урушда иштирок этганликда айбланган қирғизистонлик М. К. у.ни 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. Ўш вилоят суди матбуот котибининг Озодлик қирғиз хизматига маълум қилишича, суд ҳукми жорий йилнинг 10 майида чиқарлган.
Қайд этилишича, суд судланувчи эркакни Қирғизистон Жиноят кодексининг 256-моддаси (Қирғизистон фуқаросининг хорижий давлат ҳудудидаги қуролли тўқнашувлар ёки ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиши ёхуд теракт содир этиш учун тайёргарликдан ўтиши) бўйича айбдор деб топиб, мол-мулкини мусодара этиш билан 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. Судланган шахс жазони умумий тартибдаги колонияда ўтайдиган бўлган.
Мазкур модда санкцияси оғир бўлиб, унда мол-мулкни мусодара этиш билан 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этиш шаклидаги жазо чораси кўзда тутилган. Бироқ, суд вакилининг аниқлик киритишича, Қирғизистон Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги ҳамда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 75 йиллиги муносабати билан афв қонунига мувофиқ айбланувчининг жазо муддати қисқартирилган. Ўз навбатида, айбланувчи Аравон туман суди ҳукми устидан Ўш вилоят судига апелляция тарзида шикоят аризасини киритган.
Бу Қирғизистон фуқаросининг Украина урушида иштирок этгани қайд этилган илк ҳолат эмас. Бу каби айблов билан судланган қирғизистонликларнинг биринчиси Асқар Қубаничбек ўғли бўлган эди. 2023 йили у 10 йилга озодликдан маҳрум этилган, бироқ кейин Қирғизистон Олий суди аввалги инстанция судлари қарорларини бекор қилиб, ишни қайта кўришга йўллаган.
Кейин Бишкекнинг Биринчи май туман суди жазони юмшатиб, 7 йиллик қамоқ жазосига алмаштирган ҳамда уч йиллик пробацион назорат тайин этиб, уни суд залидан озод қилган. Мазкур қарорга мувофиқ, судланувчи доимий равишда Қирғизистон ҳудудида бўлиб, вақти-вақти билан Пробация департаменти назорати остида бўлиши лозим эди. Аммо департамент ходимлари уларга суднинг тегишли қарори келмаганини билдиришган.
Бу орада Асқар Қубаничбек ўғли Қозоғистон орқали Россияга чиқиб кетишга муваффақ бўлган. Суд пайтида у Россия фуқаролигини олиш ва бу мамлакатдан вақтинча бошпана олиш учун ҳужжат топширганини айтган эди. 2024 йилнинг июнь ойи ўрталарида унинг Россия армияси билан янги шартнома имзолаб, яна Украина урушига кетишни режалаётгани маълум бўлганди.