Ўшлик ҳайдовчилар Ўзбекистон расмий идоралари талабидан норози

Ўзбек-қирғиз чегарасидаги "Дўстлик" назорат-ўтказиш маскани (архив сурати)

Қирғизистон жанубидаги Ўш шаҳрида юк машина ҳайдовчилари 2 апрель куни Транспорт ва коммуникация вазирлиги ваколатхонаси биноси олдида митинг ўтказиб, қўшни Ўзбекистонга кириш қийинлашиб кетганидан шикоят қилишган.

Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, митингда Хитойдан товар ташиш билан шуғулланувчи юзга яқин ҳайдовчи иштирок этган. Улар ўзбекистонлик мулозимлар товар олиб кириш учун рухсатнома талаб қилаётганлари туфайли Хитойдан Ўзбекистонга юк етказиб бера олмаётганини айтишган. Улар Қирғизистон томони ҳам ўзбекистон ҳайдовчилардан шунга ўхшаш рухсатнома талаб қилиши лозимлигини қайд этишган.

Йиғилганлар транспорт ва коммуникация вазири Тилек Текебаев билан учрашув уюштирилишини талаб қилишган. Транспорт вазирлигининг Ўшдаги ваколатхонаси маълумотига кўра, ҳайдовчилар билан вазирликнинг Қуруқлик ва сув транспорти департаменти директори Тариел Келдибеков учрашади.

Ўзбекистон томони жорий йилнинг 1 апрелидан Қирғизистондан Ўзбекистонга кириб келаётган юк машиналари ҳайдовчиларидан юк олиб киришга махсус рухсатнома талаб қила бошлаган.