Ўзбек дипломатлари Флоридадаги ватандошларни огоҳлантиришди

"Милтон" Флорида тарихидаги энг кучли тўфонлардан бири бўлиши кутилган эди

Қўшма Штатларнинг Флорида штатига “Милтон” тўфони ёпирилаётгани муносабати билан Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси мазкур ҳудудда бўлиб турган ватандошларни эҳтиёт чораларини кўришга ундаган.

“Агар сизларга шошилинч ёрдам керак бўлса, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасининг қуйидаги телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин: +1-202-251-8298; +1-202-300-9526”, дейилган дипломатик ваколатхона хабарномасида.

Тўфон натижасида жабрланганлар аниқланган тақдирда қуйидаги ишонч рақамларига мурожаат қилиш тавсия этилган:

911 – шошилинч тиббий ёрдам;

(800) 621-3362/ (800) 462-7585/ (800) 985-5990 – АҚШ Фавқулодда вазиятларни бошқариш федерал агентлиги;

202-646-2500 – умумий масалалар бўйича;

+1-800-342-3557 – Флорида штати кўмак линияси;

+1-800-729-3413 – Флорида штати Эвакуацияга кўмаклашиш хизмати.

“Милтон” тўфони яқинлашиши арафасида табиий офат ҳудудидан икки миллионга яқин одам кўчирилган. Бу штат тарихида энг катта эвакуация саналади.

10 октябрь тонгида “Милтон” туфайли 1 миллиондан зиёд одам электрсиз қолган.

АҚШ президенти Жо Байден флоридаликларни хавфсизлик талабларига риоя қилишга чақирар экан, “Бу том маънода ҳаёт-мамот масаласи” эканини урғулаган.

“Милтон” тўфони 10 октябрга ўтар кечаси Флорида штати ғарбий соҳилига етиб келган, шундан сўнг шамол кучи бироз сусайган. Бироқ “Милтон” ҳали ҳам ҳалокатли тўфон бўлиб қолмоқда.

АҚШдаги Тўфонларни кузатиш миллий маркази прогнозига кўра, у Атлантика океанига чиқиб кетгунича шундай бўлиб қолади.