Ўзбек дипломатлари: Япониядаги зилзиладан жабрланганлар орасида ўзбекистонликлар йўқ

Зилзила оқибатида вайрон бўлган уйлар (Исикава префектураси), 2024 йил 2 январи

Янги йилнинг илк кунида Япониянинг ғарбий префектураларида содир бўлган кучли зилзила оқибатида қурбон бўлган ва тан жароҳати олганлар орасида ўзбекистонликлар йўқ. Бу ҳақда 8 январь куни "Дунё" ахборот агентлиги Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Агентлик қайдича, ўзбек дипломатлари Япониянинг тегишли идоралари билан доимий алоқада бўлиб турибди.

Японияда 1 январь куни рўй берган зилзила оқибатида қурбон бўлганлар сони, NHK телеканалининг сўнгги хабарига кўра, 168 нафарга етган. Зилзила чоғида тан жароҳати олганлар сони 565 нафар экани, бедарак йўқолганлар сони эса 323 нафарга етгани айтилмоқда.

Япониянинг марказий ва ғарбий соҳилбўйи вилоятларида бир ҳафта муқаддам кузатилган 7,6 балли зилзила натижасида уйлар вайрон бўлгани ва ўн минглаб хонадон электр таъминотидан узилиб қолгани хабар қилинган. Маълумотларга кўра, ер қимирлашларидан сўнг баъзи жойларда ёнғин чиққан, айрим шаҳарларда темир йўл қатнови тўхтаган, зилзила эпимаркази бўлмиш Ното яриморолида эса аэропорт ҳам ёпилган эди.

Табиий офат ортидан расмий Тошкент томонидан Япония расмийларига таъзиянома йўлланиб-йўлланмагани оммага очиқланган эмас.