Ўзбек муҳожирларининг Жанубий Кореяга кириши қисман тикланиши мумкин

Ўзбекистондан Жанубий Кореяга меҳнат мигрантларининг кириб келишини қисман тиклаш режаланмоқда. Бу ҳақда Жанубий Корея Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати вице-президенти Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Корея Республикасидаги ваколатхонаси раҳбари билан учрашув чоғида билдирган.

Агентлик матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда меҳнат миграцияси жараёнларини босқичма-босқич тиклаш масаласи кўтарилган.

Даставвал Ўзбекистонда коронавирус билан кунлик зарарланиш ҳолатлари камайганлиги ҳамда ўлкадаги мавжуд вакцина турлари ҳақида батафсил маълумот берилган.

Ўз навбатида, кореялик мулозим ўзбекистонлик мигрантлар кириб келишини қисман тиклаш режаланаётганини айтаркан, бунда биринчи галда тўлиқ эмловдан ўтган, 4 йилу 10 ой Жанубий Кореяда бир корхонада ишлаб қайтган фуқароларни киритиш кўзда тутилганлиги маълум қилган.

Учрашувда танловлар базасида муддат қўшиб берилган фуқароларга иккинчи бор муддат қўшиб бериш бўйича ҳам музокаралар олиб борилган ҳамда мазкур масала Инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан яқин кунларда кўриб чиқилиши қайд этилган.

Ўзбекистонлик муҳожирларнинг Жанубий Кореяга кириши коронавирус пандемияси туфайли тўхтаб қолган эди.