"Очиқ гапиришга жазм қилган қиз" ёхуд ўзбек ОТМларининг яширин муаммоси

Мутахассисларга кўра, кўпинча хотин-қизлар “шарманда бўлишдан” қўрқиб, зўравонликка учраганини очиқ айтмайди. Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Тошкент давлат педагогика университети талабасини зўрлашга уриниш билан боғлиқ ҳодиса юзасидан текширув бошлаганини айтмоқда.

ИИВ матбуот котиби Шохрух Ғиёсов 18 октябрь куни содир бўлган ҳодисада гумонланган декан ўринбосарига нисбатан 118 (номусга тегиш) ва 105 (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган. Фуқаро 23 октябрда қўлга олингани айтилади.

.

Ҳодиса ҳақида биринчи бўлиб хабар тарқатган “Nemolchi.uz” лойиҳасига кўра, “декан муовини Зулфия мукофотига тавсиянома олиш учун келган 20 ёшли талаба қизнинг номусига тегмоқчи бўлган, бироқ жиноятни яшириш мақсадида қизни деразадан итариб юборган.

Касалхонага ётқизилган қизга тос суяги синиши, гематомалар ва мия чайқалиши ташхислари қўйилгани айтилади.

Озодлик ҳодиса тафсилотларини ўрганиш мақсадида Тошкент Давлат Педагогика университети ректоратига боғланди. Ўзини ректор ёрдамчиси деб таништирган университет вакили тергов давом этаётгани боис бу ҳақда матбуотга изоҳ беролмаслигини айтди.

Мавзуга алоқадор Толибага тегажоғлик қилганликда гумонланган декан ўринбосарига нисбатан жиноят иши очилди

"Очиқ гапиришга жазм қилган қиз"

Аммо тергов маълумотларининг махфийлиги ҳақидаги қоидага ҳамма ҳам амал қилгани йўқ. Расмий идоралар хабари ва матбуотда ҳодисага оид тафсилотлар билан бирга гумондор шахсига оид маълумотларнинг ошкор қилиниши ортидан президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева “ОТМда талаба қизларга нисбатан харассмент (шилқимлик) - жиддий муаммо” экани ҳақида ёзди.

Мирзиёева тармоқлардаги саҳифасида эълон қилган постида “педагогика университети талабаси билан шу кунларда содир бўлган воқеа денгиздан томчи” эканини айтди.

“Албатта, бу ҳақда очиқ гапиришга жазм қилган қизларнинг жасорати ва қатъияти таҳсинга сазовор. Бироқ тазъйиқ (орфография сақланди-таҳр.) ва ноҳақлик ҳақида баралла гапира олмай, дарду ҳасратини машъум кабинетлар ҳамда хотирасининг узоқ бурчакларига дафн этганлар қанча!..

Айни кунларда бу ҳақда тинимсиз ўйлаяпман. Биз бу борада Сенат, Бош прокуратура, ИИВ ва ОАВнинг ҳаракатини бирлаштирадиган йирик лойиҳага муҳтожмиз. Айбдорлар жавобгарликдан қоча олмаслиги учун бундай ҳодисаларнинг ҳар бири жамоатчиликка ошкор қилиниши шарт”, деди гендер тенглик бўйича комиссияси аъзоси бўлган Мирзиёева.

Айбсизлик презумпцияси

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов матбуотдаги хабарлар ва “кўзга кўринган шахсларнинг эҳтиросли чиқишлари”да айбсизлик презумпцияси тамойили бузилганига эътибор қаратди.

“Жамоатчилик зўровонликда гумон қилинаётган педагогга нисбатан деярли ҳукм чиқариб бўлди. Ҳолбуки, ҳали қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ниҳоясига етмаган, аслида нима бўлганини ҳеч ким билмайди. Ҳар қандай гумонланувчи “Айбсизлик презумпцияси” принципидан келиб чиқадиган табиий ҳимояга эга.

Шундай экан, ҳуқуқий баҳо беришга ҳозирча эрта.

Аммо кўзга кўринган шахслар, собиқ ҳукумат аъзоларининг бу борадаги эҳтиросли баёнотлари ҳақиқатан кишини ташвишга солади. Ҳали тадқиқ қилинмаган, хулосага келинмаган иш юзасидан аввалдан ҳукм чиқариш тенденцияси, афсуски, жамиятда ҳуқуқ устувор эмаслигига далолатдир”, дейилади “Эзгулик” жамияти тарқатган хабарда.

Ҳолатлардан бири

Гендер тенглик ва жинсий зўравонлик масалаларини ёритиб келадиган тошкентлик журналист ва педагог Наргис Қосимова “замдекан ва талаба қиз можароси” тармоқларда бир томонлама муҳокама қилинаётганини айтади. Айни пайтда унинг Озодликка айтишича, ОТМларда бу каби ҳолатлар кўплаб учрайди.

“Мен ижтимоий тармоқларда гендер тенглик комиссиясининг “Зўравонликка йўл йўқ” каналини ҳам юргизаман. Афсуски, бизда реал ҳаётда бунақа холатлар тез-тез бўлиб туради. Лекин қизлар бу ҳақида ҳеч кимга айтмайди. Ўзбекистондаги олий ўқув юртларидан бирида аспирантурада ўқийдиган талаба илмий раҳбари тагажоғлик қилгани учун ўқишни ташлаб кетган. Мен эшитган ҳолатлардан бири бу”, - дейди Қосимова.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда жинсий зўравонлик ҳолати ҳақида хабар берган талаба қизни бадном қилувчи чиқишлар ҳам кузатилмоқда.

“Энг ёмони, бизда аёлларни айбдор қилиб кўрсатиш. Ўзи кўзини сузгандир, деган айбловлар ҳам бўляпти, афсус. Менимча одамларни бу борада онгини ошириш керак, аёлларга иккинчи даражали шахс сифатида қарамаслик керак”, - дейди Наргиз Қосимова.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, 15 ва 49 ёшидаги хотин-қизларнинг 25 фоизидан кўпроғи ҳаёти давомида жисмоний ёки жинсий зўравонликка дуч келишади. Ушбу зўравонликларнинг 33 фоизи Жануби-шарқий Осиё ҳудудига тўғри келмоқда. Ўзбекистон аҳолисининг ярмига яқинини хотин-қизлар ташкил қилади.

Жинсий зўравонлик ҳолатлари ҳали-ҳануз улар тўқнаш келиб турган энг долзарб муаммолардан бири.

Лекин Ўзбекистонда аёллар ва қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича расмий статистика йўқ.

Мутахассисларга кўра, кўпинча хотин-қизлар “шарманда бўлишдан” қўрқиб зўравонликка учраганини очиқ айтмайди, шу сабаб уларни кенг жамоатчилик ҳеч қачон билмайди.

Мавзуга алоқадор Қирғизистон аёллар учун Марказий Осиёдаги энг хавфли мамлакат деб топилди (ВИДЕО)

Ишонч телефонига ишончсизлик

Айни пайтда Тошкент Педагогика университетидаги ҳодиса ортидан Ўзбекистон Олий таълим вазирлиги 1006 рақами билан махсус ишонч телефони ишга туширилганини эълон қилди.

Вазирлик хабарида айтилишича, бу телефон орқали таъқиб, зўрлаш ёки зўрлашга уриниш ҳолатларига дуч келган ёки гувоҳи бўлган талабалар ва университет ходимлари мурожаат қилишлари мумкин

Аммо жинсий зўравонлик масалаларини ёритиб келадиган блогер Ҳосият Қодир ишонч телефони самара беришига шубҳа билан қарайди.

“Олий ўқув юртларида ўқийдиган талаба қизлар зўрланишга юз тутса, шу ишонч телефонларига телефон қилиб ўз дардини айтади, деб ўйлайсизми, менимча йўқ. Чунки, қизлар бу телефонларнинг ишончлилигига ишонмайди. Анонимлик сақланишига ишонмайди. Ўзларини енгил табиат қизга чиқаришлари ҳам мумкин. Ўша ишонч телефонида ўтирган одам овозини ёзиб олиб бутун элга тарқатворишидан қўрқади. Ҳеч нарса кафолатланмаган. Шунинг учун айтмайди, бир умр шу травмани ўзи билан олиб юради. Шунинг учун, бизда жинсий зўравонлик статистикаси ҳам йўқ. Туркияда ҳар бир ўқув юртида психолог бўлади. У ҳар бир талабанинг ҳолатини кузатиб боради. Агар тушкун ҳолатда юрганини пайқаса, дарров чақириб суҳбатлашади, ичидаги гапини олади. Мана шундай тизим керак, ишонч телефонидан кўра”, - дейди Ҳосият Қодир.

Ўтган ҳафта эълон қилинган “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик” глобал индексида Ўзбекистон 170 та мамлакат орасида 74-ўринни эгаллаган.

WPS индексига кўра, аёлларнинг амалдаги жинсий шериги томонидан зўравонликка учраш кўрсаткичи 2021 йилда 7,3 фоизни ташкил қилган.

“Бу йил CОVID-19 пандемияси аёллар хавфсизлигига қандай таъсир қилгани ҳақида маълумот қидирдик. Натижалар ташвишланарли. WPS индексидаги глобал яхшиланиш даражаси сезиларли даражада секинлашди, шу билан бирга мамлакатлар ўртасидаги фарқлар ортиб бормоқда”, - дейилади ҳисоботда.