Ўзбекистон билан Қирғизистон чегарасида 14 ноябрь куни ўқотар қурол қўлланилган ҳодиса кузатилди.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизматининг маълум қилишича, Жалолобод вилоятининг Ахси туманидаги Тозасув деган жойида Олабуқа чегара отряди чегарачилари қўй-эчкиларни қўшни давлат ҳудудига ноқонуний равишда ўтказишга уринган контрабандачиларга дуч келишган.
Ахси туманининг Ақдўбў қишлоғида яшовчи 50 чоғли киши чегарачиларнинг пода ўтказишни тўхтатишга оид талабини эътиборсиз қолдирган. Контрабандачиларни Ўзбекистон томонида шериклари кутиб тургани иддао қилинмоқда.
“Чегарадан чорва молларини ноқонуний ўтказилиши ҳамда можаро эскалациясининг олдини олиш мақсадида чегара наряди қурол қўллаб, осмонга уч марта огоҳлантирувчи ўқ отган”, дейилган Чегара хизмати хабарномасида.
Ҳодиса жойига мазкур чегара отряди командири ва Ахси туман ИИБ ходимлари келишиб, Ақдўбў қишлоғи аҳолиси ўртасида тушунтириш ишларини олиб боришган. Кейинроқ бу ерда чегарачилар Ўзбекистонга ўтказиш учун ўз машинасига чорва молларини юклаётган 27 ёшли Б.Н.ни қўлга олишган. Дастлабки маълумотларга кўра, машинага юкланган қўй-эчкилар қиймати 190 минг қирғиз сўмидан (тақрибан 2240 АҚШ доллари) ошган.
Қирғизистон Чегара хизмати давлат чегарасида контрабанда фаолиятига монеъ бўлиш учун икки давлат чегарачилари томонидан тегишли тадбирлар ўтказилганини билдирган. Айни пайтда ўзбек-қирғиз чегарасида вазият барқарор экани айтилмоқда.
Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги чегара 1378 километрга узанган бўлиб, унинг бир қисми ҳалигача делимитация қилинмай қолмоқда.