Қирғизистоннинг Қорасув шаҳрида контрабандачилар томонидан фойдаланиб келинган яна бир туннель топилган. Бу ҳақда “Кабар” агентлиги Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Қўмита қайдича, МХДҚ ходимлари галдаги лаҳим йўлини шу йилнинг 11 июнида қорасувлик М.И.М. уйидан топишган.
Суриштирув чоғида М.И.М 2021 йил сентябрида етти йилдан буён таниган ўзбекистонлик Р. исмли шахс билан тил бириктирган ҳолда ўз уйларидан бир-бирлариникига қарата лаҳим қазишгани, бундан мақсад туннель орқали Қирғизистондан Ўзбекистонга ноқонуний товар ва валюта ўтказиш бўлганини аниқлашган.
Тергов чоғида М.И.М. айбини бўйнига олиб, жиноят ойдинлатилиши учун тергов органлари билан ҳамкорлик қилишга ҳозир эканини билдирган. Айни пайтда бу борада суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Шу йилнинг май ойида Қорасув туманига қарашли Тельман қишлоғида 270 метрлик, июнь ойи бошларида эса Қорасув шаҳрида узунлиги 155 метр келадиган ва Қирғизистонни Ўзбекистон билан боғлайдиган туннеллар топилган.