Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятига қарашли Новкен туманида яна бир ерости йўли топилган. Бу ҳақда Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Вазирлик хабарномасида ўтган ҳафта ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари чоғида муайян маблағ эвазига одамлар ва товарларни чегара яқинидаги қувурдан ўтказиш билан шуғулланган 39 ёшли новкенлик К. Х. ушлангани айтилган.
“Қўлга олинган шахсдан ашёвий далил ўлароқ тунда кўриш дурбини ва белги қўйилган пуллар мусодара этилди. Шунингдек, чегарадан ноқонуний равишда ўтказилган товарлар сақланаётган ер ҳам топилди”, дейилган ИИВ хабарномасида.
Вазирлик тергов доирасида новкенлик гумонланувчининг уйида тинтув ўтказилгани, тинтув чоғида ичида психотроп моддалар дохил 41 турдаги дори воситалари бўлган 87 та қути топилганини қўшимча қилган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, топилган товарлар қиймати 30 минг АҚШ долларига тенг. Мусодара этилган дори воситалари бўйича тегишли экспертизалар тайинланган.
Ўтган ойда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати Андижон вилояти Хонобод шаҳри билан Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Сузоқ тумани Бекобод қишлоғи кесишган жойда икки яширин ерости йўли аниқлангани ҳақида маълумот тарқатган эди.
Ўзбек-қирғиз чегарасида контрабанда маҳсулотлари ўтказиб турилгани айтилган яширин бир неча туннел топилгани ҳақида Озодлик 2022 йилда ҳам хабар қилган.