Жорий йилнинг 15 февралидан ўзбек-қозоқ чегарасидаги “Сирдарё” (“Атамекен”) ва “С.Нажимов” (“Қазигурт”) назорат-ўтказиш пунктлари вақтинча ёпилади. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати маълумот тарқатди.
НЎПларнинг ёпилишига Қозоғистон томонидан бу икки чегара масканида реконструкция ишлари олиб борилиши сабаб ўлароқ келтирилган.
Масканлар ёпилиши ортидан бу ердан пиёдалар, автобус, енгил ва 3,5 тоннагача юк таший оладиган автотранспорт воситалари ҳаракати тўхтатилиши, постдан юк кўтариш вазни 3,5 тоннадан юқори бўлган юк автотранспорт воситаларигина ўта олиши билдирилган.
Шу муносабат билан Ўзбекистондан Қозоғистонга ёки акс йўналишда ҳаракатланаётган фуқароларга “Ғишткўприк” ва “Яллама” масканларидан сутканинг исталган вақтида, “Малик” ва “Оқ олтин” масканларидан эса кундуз пайти ўтиш тавсия қилинган.