Ўзбек расмийлари ноябрь ва декабрь ойларида Россиядан туристлар ёпирилиб келишини кутишмоқда

Ўзбекистонлик мутасаддилар жорий йилнинг ноябрь ва декабрь ойларида мамлакатга Россиядан сайёҳлар оқими кучаяди, деган фикрдалар. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар Туризм ва маданий мерос вазирлиги вакиллари сўзларига таянган ҳолда хабар қилишмоқда.

Вазирликнинг инвестициялар ва туристик инфратузилмани ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Аброрхўжа Миноваровнинг куни кеча Самарқандда ўтган Discovering Uzbekistan конференциясида билдиришича, ўтган тўққиз ой ичида Ўзбекистонга Россиядан 400 мингдан зиёд турист келган. Мулозим келаётган қиш мавсуми учун ҳам россиялик сайёҳлар кўплаб жойларни бронь қилганини қайд этган.

Бундан ташқари, Миноваровга кўра, Туркия, Италия ва Япониядан келаётган туристлар сони сезиларли даражада ошган. Йил охиригача эса Ўзбекистонга келаётган сайёҳларнинг умумий сони 4,5 миллион нафарга етиши тахмин қилинмоқда. Аввалроқ жорий йилнинг 9 ойи ичида мамлакатга 3,6 миллиондан зиёд хорижлик турист келгани очиқланган.

Бу орада ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида сўнгги ойда Ўзбекистонга Россиядан келаётганлар сони ортгани юзасидан хавотирлар кучайган. Фойдаланувчилар президент Путиннинг 21 сентябрдаги ҳарбий сафарбарлик эълонидан кейин Марказий Осиё, шу жумладан Ўзбекистонга келаётган россияликлар сонининг ортиши меҳнат бозори ва кўчмас мулк бозорига салбий таъсир қилиши мумкинлигидан ташвиш изҳор қилмоқдалар.