Ўзбек спортчилари Париждан тарихий натижа билан қайтмоқда

Париждаги ўзбек спортчиларининг ғолиблик юриши дзюдочи Диёра Келдиёрованинг ғалабаси билан бошланган эди

Парижда бўлиб ўтган ёзги Олимпия ўйинларини 13 та медаль билан якунлаган Ўзбекистон миллий олимпия жамоаси 12 август куни тушдан кейин Тошкентга қайтади.

Олимпиадада ўзбек спортчилари 8 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та кумуш медални қўлга киритиб, медаллар сони бўйича дунёда 13-ўринни эгаллаб, аввалда мисли кўрилмаган натижага эришганлар.

Бундан аввал ўзбекистонлик спортчилар энг юқори натижага 2016 йили Риода эришган бўлиб, ўшанда улар медаллар сони бўйича 21-ўринга чиқишга муваффақ бўлишган эди.

Париж олимпиадасида энг кўп олтин медаль бокс йўналиши бўйича Ҳасанбой Дўсматов, Асадхўжа Мўйдинхўжаев, Лазизбек Мулложонов, Абдумалик Ҳалоков ва Баҳодир Жалолов томонидан қўлга киритилган. Бундан ташқари, миллий олимпия жамоаси дзюдо (Диёра Келдиёрова), таэквондо (Улуғбек Рашидов) ва эркин кураш (Разамбек Жамалов) йўналишлари бўйича ҳам биттадан олтин медаль билан қайтишмоқда.

Шу билан бирга, ўзбек спортчилари галдаги ёзги Олимпия ўйинларида оғир атлетика (Акбар Жўраев) ва таэквондо (Светлана Осипова) йўналишлари бўйича биттадан кумуш, дзюдо йўналиши бўйича иккита (Музаффарбек Тўрабоев ва Алишер Юсупов) ҳамда эркин кураш (Ғуломжон Абдуллаев) йўналиши бўйича битта бронза медалига сазовор бўлишган.

Маълумотларга кўра, бу гал Ўзбекистон Олимпиадада қозонилган медаллар сони бўйича МДҲ мамлакатлари, шунингдек, турк ва мусулмон давлатлари орасида ҳам биринчи бўлган.

Душанба куни Ўзбекистонга қайтажак Миллий олимпия жамоаси Тошкент аэропортининг 3-терминалида тантанали кутиб олиниши айтилган.