Ўзбек тикувчиси жаҳондаги нуфузли юз аёл рўйхатига киритилди

BBCнинг "100 аёл" рўйхатига кирган Дилором Йўлдошева ("Матонат" фильмидан скриншот)

Ўзбекистонлик тикувчи ва тадбиркор Дилором Йўлдошева 2024 йилда ВВСнинг дунёдаги илҳомлантирувчи ва нуфузли 100 аёл рўйхатига киритилди.

ВВС махсус лойиҳаси муаллифларига кўра, Йўлдошева икки йил аввал йиғим-терим мавсумида содир бўлган бахтсиз ҳодиса туфайли икки оёғидан айрилган.

Шунга қарамай, у умидсизликка тушмаган. У янги иш ўрганиш ва ўзбекистонлик ёш аёлларга пул топишда ёрдам бериш мақсадида ўзининг тикувчилик бизнесини очган.

Тадбиркорлик асослари билан танишган деновлик Дилором Йўлдошева кейинроқ 40 дан зиёд аёлни тикувчиликка ўргатган. Бир неча ойдан кейин унинг ширкати анча ўсган, у ишчилар ва мактаб ўқувчилари учун кийим-кечак тикиш бўйича шартномалар тузган.

Ўшандан буён унинг бизнеси фақат ўзи учунгина эмас, бошқа ўнлаб аёллар учун ҳам даромад манбаига айланган”, дея қайд этишган лойиҳа муаллифлари.

ВВС “100 аёл” лойиҳасининг бу йилги мавзуси “барқарорлик” бўлган.

Рўйхатда Нобель тинчлик мукофоти лауреати Надя Мурад, актриса Шэрон Стоун, қўшиқчи Рэй, рассом Трейси Эмин, иқлим ўзгаришига қарши кураш фаоли Аденике Оладосу, ёзувчи Кристина Ривера Гарса ва бошқа машҳур исмларга дуч келиш мумкин. Бироқ унга президентнинг қизи Саида Мирзиёева ёки Сенат раиси Танзила Норбоева дохил Ўзбекистонда нуфузли деб топилган 40 нафар аёлнинг биронтаси киритилган эмас.

Дилором Йўлдошевадан аввал ВВС “100 аёл” рўйхатига Қаршидаги 2-мактаб-интернати ўқитувчиси Муҳаббат Шарапова (2017 йил) киритилган эди.