Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети жорий йил 19 апрелидан масофавий таълим шаклига ўтди. Университет матбуот хизмати маълумотига кўра, бундай қарор қабул қилинишига “профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар орасида COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари аниқлангани” сабаб бўлган.
Қарор Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда қабул қилингани қайд этилган, бироқ онлайн таълим қачонгача давом этишига аниқлик киритилмаган. Хабарномада: “эпидемиологик вазият барқарорлашгач, анъанавий ўқув жараёнига қайтиш борасида қўшимча хабар берилади”, дейилган, холос.
Аввалроқ Озодлик ўқитувчи ва талабалари орасида коронавирусга чалиниш ҳолати аниқланган Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамда Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиали шу йил 12 апрелидан карантинга ёпилгани, карантин муддати 14 кун қилиб белгилангани ҳақида хабар қилган эди.