Ўзбек ва қирғиз тадбиркорлари Тошкентдаги форумда қарийб 1 миллиард долларлик битимлар имзолашди

Тошкент шаҳридаги “Яшнобод” технопарки ҳудудида 11 март куни ўтказилган Ўзбекистон – Қирғизистон бизнес-форуми доирасида ўзбек ва қирғиз тадбиркорлари ўртасида умумий қиймати 935,1 млн АҚШ долларига тенг бўлган 291 та инвестиция ва савдо битимлари имзоланган. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумот тарқатди.

Форумда сўнгги йилларда Ўзбекистон – Қирғизистон қўшма корхоналарининг сони икки баравар кўпайгани, савдо айланмаси беш баробар ортгани ва пандемиянинг салбий оқибатларига қарамасдан 2020 йилда ўзаро савдо ҳажми 10 фоизга ўсгани таъкидланган.

Анжуманнинг расмий қисмидан сўнг “B2B” шаклидаги икки томонлама учрашувлар сессияси бўлиб ўтган, унда икки мамлакат тадбиркорлари ҳамкорлик истиқболлари ва аниқ лойиҳа таклифларини муҳокама қилиш имкониятига эга бўлганлар.

Форумда истиқболли тармоқлар – қишлоқ хўжалиги, минерал ва органик ўғитлар, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, тўқимачилик ва чарм-пойабзал саноати, ипакчилик тармоғи, туризм ва логистика соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш салоҳияти очиб берилган. Шунингдек, бизнес-форум қатнашчиларига ҳар икки мамлакатда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва уларни қўллаб-қувватлаш бўйича яратилган шарт-шароитлар, давлат активларини хусусийлаштириш ва давлат иштирокидаги корхоналарни трансформациялаш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, экспортни рағбатлантириш ва бизнес юритиш учун шароитларни яхшилаш механизмлари ҳақида батафсил маълумот берилган.