Ўзбек ва қозоқ расмийлари ўзаро савдо ҳажмини ошириш масалаларини муҳокама қилишди

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари С. Умурзоқов ҳамда Қозоғистон савдо ва интеграция вазири Б. Султонов учрашуви (Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги фотоси)

Ўзбекистон ва Қозоғистон расмийлари ўзаро савдо ҳажмини ошириш бўйича қўшма чора-тадбирлар, хусусан, трансчегаравий муносабатларни ривожлантириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ва “Марказий Осиё” халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик марказини ташкил этиш лойиҳаси ишлаб чиқилишининг боришини муҳокама қилганлар.

Бу масалалар 13 февраль куни Ўзбекистон – Қозоғистон чегарасидаги “Ғишткўприк” чегара божхона пости ҳудудида Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзоқов билан Қозоғистон савдо ва интеграция вазири Б. Султонов ўртасида бўлиб ўтган учрашувда кўриб чиқилган.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотига кўра, учрашув чоғида томонлар икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ўзаро тайёрлигини урғулаганлар. Тадбир пайтида ўтган йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида келишилган Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича “Йўл харитаси”нинг амалга оширилишига оид масалалар муҳокама қилинган.

Томонлар тасдиқланган тадбирлар ва лойиҳаларни илгари суриш учун икки мамлакатнинг тегишли вазирликлари, идоралари ва тадбиркорлари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш механизмларини ҳам белгилаб олганлар.