“O‘zbekiston 24”ни танқид қилган икки журналист ишдан бўшатилди

Sport” телерадиоканали журналистлари Бобур Акмалов (ўнгдан биринчи), Жамолиддин Бобожонов "Футбол +" кўрсатувида.

22 май куни “Sport” телеканали журналистлари Бобур Акмалов ва Жамолиддин Бобожонов “Ориат Доно” радиосидаги танқидий чиқиши учун ишдан бўшатилди. Бу маълумотни 25 май куни “Sport” телеканали масъулларидан бири Озодликка тасдиқлади.​

18 май кунги радиоэшиттиришда икки журналист “O‘zbekiston 24” телеканали тарқатаётган хабарлар реал ҳаётдан узоқлигини айтиб, танқид қилган эди.

21 май куни МТРК раиси Алишер Хўжаев икки журналистни ушбу чиқиши учун танқид қилиб, уларни корпоратив этикага риоя қилмаганликда, мутлақо асоссиз ва ҳақиқатдан узоқ фикрларни айтганликда айблаганди.

“Sport” телеканали муҳаррири Бобур Акмалов ва бош режиссёри Жамолиддин Бобожонов 22 май куни ишдан бўшатилди.

Буни 25 май куни “Sport” телерадиоканали масъулларидан бири Озодликка тасдиқлади, бироқ тафсилотларини очиқламади.

Human.uz нашри Бобур Акмалов ва Жамолиддин Бобожоновлар "ўз аризасига кўра ишдан бўшагани" ҳақида ёзди.

"Бобур ва Жамолиддинни ишдан бўшатишдан аввал “Sport” телеканали профсоюзи йиғилиш қилган. Шу йиғилишдан сўнг иккаласи ҳам ўз аризасига кўра ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзган", деди икки журналистнинг ишдан бўшатилиши воқеаси тафсилотларидан хабардор тошкентлик журналист.

Ушбу воқеадан хабардор бошқа бир маҳаллий журналистнинг Озодликка билдиришича, Акмалов ва Бобожоновлар айнан "Футбол плюс" эшиттиришидаги танқидий чиқишлари учун ишдан ҳайдалган:

"Хабарингиз бор, радиода Бобур билан Жамолиддин “O‘zbekiston 24”ни танқид қилгач, ҳаммаёқ шов-шув бўлиб кетди. МТРК раҳбарияти буни кескин танқид қилди. Бошлиқлар Бобур билан Жамолиддинга "ўз аризангиз билан ишдан бўшаб кетасиз, бошқа чорангиз йўқ", дейишди. Кейин иккаласи ҳам ариза ёзишга мажбур бўлди".

Бобур Акмалов “Sport” телеканалида муҳаррирлик қилиш билан бир пайтда “Ориат Доно” радиосидаги "Футбол плюс" эшиттиришининг бошловчиси ҳамдир. Жамолиддин Бобожонов ва Хайрулла Ҳамидов эса ушбу эшиттиришнинг доимий иштирокчилари ҳисобланади.

“Ориат Доно” радиосидаги "Футбол плюс" эшиттиришининг 18 май кунги сонида Жамолиддин Бобожонов ва Бобур Акмалов “O‘zbekiston 24” телеканалини танқид қилгани видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалди.

Видеода Жамолиддин Бобожонов “Бизда қоғозда ва “O‘zbekiston 24” каналида ҳамма нарса зўр. Аммо ҳаёт бутунлай бошқа нарсани кўрсатяпти. Мен сардобаликлар сув тошқинидан хурсанд бўляпти, деб ўйлаб қолдим. Улар фалокатдан хурсанд бўлишяпти”, деб айтган. Бунга жавобан Бобур Акмалов: “O‘zbekiston 24” қандайдир Сусамбил давлатида ташкил этилганми?” тариқасида жавоб берган.

"Футбол плюс" эшиттиришининг 18 майдаги сони "Ориат Доно" радиоканали сайтидан ҳам, Ютуб тармоғидаги саҳифасидан ҳам ўчириб ташланди.

Айни пайтда “Футбол плюс” лойиҳаси ёпилгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалди.

Бироқ "Ориат Доно" радиосининг 25 май куни Озодлик боғланган масъули "Футбол плюс" лойиҳаси ёпилмаганини таъкидлади:

"Футбол плюс" лойиҳаси ёпилгани йўқ. Бошловчилари ҳам ўзгармади. Бугунги эфирни эшитсангиз, ўзингиз ишонч ҳосил қиласиз".

21 май куни Ўзбекистон Милиий телерадиокомпанияси (МТРК) раиси Алишер Хўжаев “O‘zbekiston 24” телеканалини танқид қилган Бобур Акмалов ва Жамолиддин Бобожоновни корпоратив этикага риоя қилмаганликда, мутлақо асоссиз ва ҳақиқатдан узоқ фикрларни айтганликда айблаган.

Мавзуга алоқадор МТРК раиси "Ўзбекистон 24" каналини танқид қилган журналистларни танқид қилди (ВИДЕО)

“Газета уз”нинг ёзишича, МТРК раиси Алишер Хўжаевнинг икки журналистни танқид қилган пости унинг Facebook саҳифасида эълон қилинган, бироқ кейинроқ у мазкур постни ўчириб ташлаган.

24 май куни Facebookдаги "Халқ назорати" гуруҳида Бобур Акмалов ва Жамолиддин Бобожоновларнинг ишдан олинганига норозилик сифатида петиция эълон қилинди.

Петиция иштирокчилари МТРК раиси Алишер Хўжаевнинг ишдан бўшатилишини талаб қилмоқда.