Ўзбекистон Афғонистон орқали Ҳинд океани портларига чиқишни кўзлаяпти

Ўзбекистон делегацияси вакилларининг "Толибон" шакллантирган ҳукумат вакиллари билан Афғонистондаги учрашувидан лавҳа (Транспорт вазирлиги фотоси)

Ўзбекистон Афғонистон ва Покистон орқали Ҳинд океани бандаргоҳларига чиқиш учун халқаро транспорт йўлаги шакллантирилишини истамоқда. Бу масала, Ўзбекистон Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ҳамда президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев бошчилигидаги делегациянинг 26 – 27 август кунлари Афғонистонга сафари чоғида муҳокама қилинган.

Сафар чоғида ўзбек расмийлари Толибон шакллантирган ҳукуматда Транспорт ва фуқаро авиацияси вазири вазифасини бажарувчи Мулло Ҳамидулло Охунзода билан “Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон” автомобиль йўналиши бўйлаб экспедиция амалга оширганлар.

Экспедиция жараёнида “Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон” автомобиль йўналишидаги, Кобул шаҳрини Афғонистон шимоли (Мозори-Шариф) билан боғловчи “Саланг” довони ҳамда Афғонистон ва Покистон чегарасидаги “Торхам” чегара ўтказиш пунктидаги вазият жойига чиққан ҳолда ўрганилди”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Музокаралар пайтида халқаро транспорт йўлагини шакллантиришдан ташқари Ўзбекистон билан Афғонистон транспорт логистика корхоналари ҳамкорлигини кучайтириш, халқаро автомобиль ташувчиларига қулай шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан Афғонистон ҳудуди бўйлаб транзит ўтишга ҳамда бошқа манзилларга юк ташишга ўрнатилган чекловни олиб ташлаш масалалари муҳокама қилингани айтилмоқда.