Афғонистоннинг “Брешно” энергетика ширкати Ўзбекистондан электр энергияси етказиб бериш қисқаргани туфайли Тожикистон ва Туркманистон билан экспорт борасида музокаралар олиб борилаётганини билдирган. Толибон ҳукуматига тобеъ бўлган компания вакиллари шу тариқа Афғонистонда электр энергияси тақчиллиги муаммосини ҳал қилишга уринишмоқда.
Ширкат вакилларига кўра, ўтган якшанбадан бери Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси экспортини икки баравар қисқартирган ва буни электр энергияси ишлаб чиқарувчи жиҳозлардаги техник муаммо билан изоҳлашган.
Бугунги кунга келиб Афғонистон Ўзбекистондан импорт қилаётган электр энергияси ҳажми 430 МВтдан 200 МВтгача пасайган. “Брешно” компанияси вакиллари Ўзбекистон бу муаммони уч кун ичида ҳал қилишга ваъда бергани, бироқ бу ваъда бажарилмаганини билдиришган.
Озодликнинг афғон хизмати хабарига кўра, юзага келган муаммо ортидан “Брешно” ширкати Тожикистон ва Туркманистон билан боғланган. Бу музокаралар натижалари очиқланаётгани йўқ. 23 ноябрь куни Тожикистондаги давлат қарашли “Барқи тожик” энергохолдинги вакиллари Озодликнинг тожик хизматига афғонистонликлар билан ўтказилган музокаралар ҳақида ўзларида ҳеч қанақа маълумот йўқлигини билдиришган.
Ўтган ҳафтада “Брешно” ширкати Кобул энергия тизими Тожикистондан электр энергияси олаётган электр узатиш линиясига улангани ҳақида маълум қилган.
Ўзбекистондан электр энергияси импорти қисқаргани важидан Афғонистон пойтахти бўлмиш Кобул шаҳри ва бошқа қатор минтақаларда электр энергияси танқислиги кузатила бошлаган. Бироқ “Брешно вакиллари қайдича, Тожикистонда электр энергияси олина бошлагач, Афғонистондаги кўплаб вилоятларга электр энергияси яна одатдаги тартибда узатиляпти.