Жорий йилнинг 25 апрель куни Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятидан Афғонистоннинг Балх вилоятига қарийб 170 тонналик инсонпарварлик ёрдами карвони етиб борган. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Ҳокимлик қайдича, “Айритом” чегара ўтказиш пункти орқали Афғонистонга етказилган галдаги гуманитар юк таркибига 48 тонна ун, 48 тонна буғдой, 15 тонна ўсимлик ёғи, 10 минг 80 дона консерваланган гўшт маҳсулотлари (тушёнка), 22 тонна макарон, 24 тонна шакар ҳамда 100 минг дона тез тайёрланадиган лапша (Hot lanch) кирган.
Гуманитар ёрдам юки етиб боргани ортидан, ҳокимлик хабарномасида айтилишича, “Ҳайратон шаҳридаги Astras компанияси ҳудудида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Эркин Ҳамраев, Афғонистоннинг Балх вилояти губернатори Муҳаммад Юсуф Вафо ҳамда икки томон расмийлари иштирокида инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросими" бўлиб ўтган.
Озодлик аввал хабар қилганидек, Ўзбекистон расмийлари “Толибон” ҳаракати вакиллари 2021 йил 15 августида Кобулни эгаллаб, ҳокимият тепасига келганидан бир ой ўтар-ўтмас (2021 йил, сентябрь) Афғонистонга илк инсонпарварлик ёрдамини йўллаган. Ўшандан буён ўтган 2,5 йилдан кўпроқ вақт мобайнида Тошкент толибларга бир неча бор гуманитар юк жўнатгани маълум.