Ўзбекистон Афғонистонга йилига 1 млн долларлик протеин ва витамин маҳсулотларини етказиб бермоқчи

Ўзбек-афғон чегарасидаги Ҳайратон кўприги (архив сурати)

Ўзбекистонлик расмийлар Афғонистонга йилига ўртача 1 миллион долларлик протеин ва витамин комплексларини етказиб бериш бўйича келишувга эришган. Бу ҳақда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Хабарномада айни пайтда Афғонистонда юрган ўзбек делегацияси таркибида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги мулозими Шерзод Ёқубов борлиги, унинг фармацевтика ва соғлиқни сақлаш соҳасида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик масалаларида музокаралар олиб бораётгани қайд этилган.

Агентлик Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган протеин ва витамин комплексларини етказиб бериш бўйича келишув Афғонистоннинг “Фючер Велс Трейдинг“ ширкати билан тузилганини маълум қилган.

“Шунингдек, Афғонистон Аҳоли саломатлиги вазирлигининг фармацевтика хизматлари директори Ҳамид Фурмули билан мазкур мамлакатдаги “Ибн Сина” корхонаси негизида шартнома тузиш масалалари муҳокама қилинди”, дейилган хабарномада Афғонистонда аҳолини фармацевтика маҳсулотлари билан таъминлаш хусусий сектор томонидан амалга оширилиши, бу ишда “Ибн Сина” ширкати жонбозлик кўрсатаётгани урғуланган.

Агентлик Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган дори маҳсулотларини Афғонистон бозорига етказиш борасида “Озиқ-овқат ва дори-дармон миллий идораси" (AFDA) раиси Абдул Борий Умар билан музокаралар олиб борилганини қўшимча қилган.

Аввалроқ агентлик Толибон назорати остида бўлган Афғонистон масъуллари билан фармацевтика соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилингани ҳақида маълумот тарқатган эди.