Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мамлакат банкларида айрим мижозларга ҳисобрақам очишни рад этишга оид қатор тақиқларни кўзда тутган қонун лойиҳаси қабул қилган. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабарномасида қайд этилган.
“Иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарларни бошқариш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасидаги чекловлар халқаро санкция рўйхатига тушганларга тааллуқли.
Лойиҳа қонунга айланиши учун ҳали Сенат томонидан тасдиқланиши ва президент томонидан имзоланиши лозим.
Қонунчилик палатаси хабарномасида “халқаро тажрибада кенг қўлланилаётган иқтисодий санкциялар ҳажми ва кўламининг ортиб бориши Ўзбекистон банк тизимида иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарларни тартибга солиш ва назорат қилиш механизмларини кучайтиришни тақозо этаётгани” урғуланган.
“Амалдаги қонунчиликда кредит ва тўлов ташкилотлари фаолиятида иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарларни тартибга солиш ва назорат қилишнинг ҳуқуқий асослари мавжуд эмас. Бу эса иқтисодий санкциялар остида бўлган ёки санкциявий хатарларга эга шахсларга маҳаллий банкларда тўсиқларсиз ҳисобварақларни очиш ва операцияларни амалга оширишга имконият яратмоқда”, дейилган хабарномада.
Қуйи палата депутатлари иқтисодий санкциялар билан боғлиқ хатарларни бошқаришга доир талабларни белигилаш бўйича ҳуқуқий асосларнинг яратилиши Ўзбекистон Марказий банкига кредит ва тўлов ташкилотларининг хатарларни бошқариш тизимларидаги заифликларни ўз вақтида аниқлаш, хатарларни тўғри баҳолаш ва минималлаштириш юзасидан самарали механизм шакллантириш имкониятини беришига эътибор қаратишган.
Ўзбекистонлик қонун чиқарувчиларнинг бу ташаббусини иккиламчи санкциялар хатаридан ҳимояланиш истаги билан изоҳласа бўлади.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши хорижлик айрим мижозларнинг, хусусан, Россия қўшинларининг Украинага бостириб кириши ортидан халқаро санкция рўйхатига тушган россияликларнинг Ўзбекистон банкларида ҳисобрақамлари очишлари легал тўсиқлар яратиши мумкин.
Украина уруши бошланганидан кейин ҳарбий сафарбарликдан қутулиб қолиш истагида бўлган юз минглаб россиялик Ўзбекистон дохил яқин хорижий мамлакатларга қочиб чиққан ва борган мамлакатларидаги банкларда ҳисобрақамлари очишган. Сафарбарликдан олдин ҳам уруш туфайли Visa ва Mastercard тизимлари Россия бозоридан кетганидан сўнг минглаб россияликлар “карта туризми” асосида яқин хорижий ўлкалар, жумладан, Ўзбекистонга бориб, банкларда ҳисобрақамлар очтиргани ва карта соҳиби бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган.
Ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов “Ведомости” нашрига берган интервьюсида қонун лойиҳаси Ўзбекистонда яшаётган ва ишлаётган россияликларнинг аксариятига дахл қилмаслигини айтган.
Айни пайтда “КИАП” адвокатлик бюроси қошидаги “Санкция қонунчилиги ва комплаенс” лойиҳаси раҳбари Денис Примаков Ўзбекистондаги банклар ҳозирнинг ўзида санкция рўйхатидаги шахслар билан боғлиқ транзакцияларни амалга оширмаётганини қайд этган.
“Энди эса санкция рўйхатига тушган бенефициарларга ёки санкция остига тушган товарларга алоқаси бўлган Россия ширкатларининг [Ўзбекистон банкларидаги] ҳисобрақамларини ёпа бошлашлари мумкин”, деган Примаков.
Аввалроқ россиялик импортчилар учун Хитойдаги асосий банклардан бири бўлиб ҳисобланмиш Chouzhou Commercial банки ўз мижозларига Россия ва Беларусь билан молиявий операция тўхтатилганини эълон қилган эди. Россияликларга қарши бу каби чекловлар сўнгги пайтларда иккиламчи санкциялардан чўчиган Туркия хусусий банклари томонидан ҳам жорий этилаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.