Ўзбекистон Ғазо секторидаги инқирозни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича барча мамлакатларнинг халқаро саъй-ҳаракатларини, шу жумладан АҚШнинг ўт очишни тўхтатиш, гаровга олинганларни озод қилиш ва тинч ҳаётни тиклаш бўйича ташаббусини олқишлайди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов ўзининг расмий телеграм-канали орқали маълум қилди.
Савол-жавоб шаклида эълон қилинган баёнот мазмунига кўра, Ўзбекистон расмийлари Ғазо секторида тинч аҳоли, айниқса аёллар ва болалар қурбонлари бўлган тўқнашувларни диққат билан кузатяпти ва бу ҳолат уларни чуқур хавотирга солмоқда.
“Ўзбекистон можароларни фақат тинч йўл ва барча мавжуд дипломатик воситалар ёрдамида ҳал қилиш тарафдори. Биз барча томонларни вазминликка, халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилишга, зўравонликни олдини олишга ва тинч аҳоли орасида қурбонлар сонининг янада кўпайишига йўл қўймасликка чақирамиз”, дейилган хабарномада.
Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден Яқин Шарқдаги зиддиятни ҳал қилиш бўйича ўз режасини тақдим этган эди. Мазкур ташаббусда жумладан олти ҳафталик оташкесим, гаровдагиларнинг барчасини озод қилиш, Исроил қўшинларини Ғазо ҳудудидан бутунлай олиб чиқиш, фаластинликларни секторга қайтариш ва Ғазони тиклаш кабилар ҳам кўзда тутилган.
АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган ҲАМАС гуруҳи вакиллари ўтган йил 7 октябрида Исроил жанубига ҳужум қилиб, 1200 дан зиёд тинч аҳоли вакилини ўлдиргани, 250 дан зиёд кишини гаровга олгани ортидан Исроил армияси Ғазо секторида ҳарбий амалиёт бошлаган.
ҲАМАС назорати остидаги Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроилнинг сектордаги ҳарбий амалиёти чоғида 36 мингдан зиёд тинч аҳоли вакили нобуд бўлгани, 80 мингдан зиёд киши тан жаҳорати олганини билдирган. Уруш шароитида бу маълумотларни мустақил равишда текшириш имкони йўқ.