Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурэлсухнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида икки мамлакат ўртасида 14 та икки томонлама ҳужжат имзоланган.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, икки давлат президентларининг музокаралари якунида даставвал Шавкат Мирзиёев ва Ухнаагийн Хурэлсух Давлатлараро муносабатлар ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнотга қўл қўйишган.
Шундан сўнг мезбон ва меҳмон президентлар ҳузурида Савдо, иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик тўғрисидаги 2024-2026 йилларга мўлжалланган ҳукуматлараро дастур, Туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим, Ҳаво алоқаси тўғрисида ҳукуматлараро битим, Халқаро автомобиль алоқаси тўғрисида ҳукуматлараро битим, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2024-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури, Хавфсизлик кенгашлари котибиятлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома, Қишлоқ хўжалиги вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим, Ветеринария ва чорвачилик соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим, Миллий ахборот агентликлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома, Савдо-саноат палаталари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома ва бошқа ҳужжатлар имзоланган.
Ухнаагийн Хурэлсух Тошкентга рафиқаси Лувсандорж Болорцетцег ҳамроҳлигида 23 июнь оқшомида учиб келган.
Уч кунлик ташрифга оид тадбирлар 24 июнь куни эрталаб Кўксарой қароргоҳида Мўғулистон президентини расмий кутиб олиш маросими билан бошланган.
Шундан сўнг икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокара ўтказилган.
Музокаралар чоғида, президент матбуот хизмати қайдича, савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган, яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини талаб юқори бўлган маҳсулотлар номенклатураси ва ҳажмини кенгайтириш ҳисобига 5-10 баробарга ошириш учун салоҳият мавжудлиги таъкидланган.
Шу мақсадда ҳукуматларга товар айирбошлаш ҳажмини ошириш масалалари бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузиш, Улан-Батор ва Тошкентда расмий савдо уйларини очиш, Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни имзолашга тайёрлаш ҳамда бозорларга кириш шароитларини ўзаро енгиллаштириш бўйича таклифлар киритиш топширилган.
Музокараларда геологик қидирув, хомашё ресурсларини ўзлаштириш ва қайта ишлаш соҳасида ҳамкорлик қилишдан ташқари қишлоқ хўжалиги ва турдош тармоқларда комплекс ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳақида сўз борган. Бу борада Қорақалпоғистон, Наманган ва бошқа вилоятларда йирик чорвачилик комплексларини ташкил этиш бўйича аниқ режалар борлиги қайд этилган. Унда Мўғулистондан гўшт ва уни қайта ишлашдан олинган маҳсулотларни импорт қилиш, шунингдек, Ўзбекистондан товуқ гўшти, мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича таклифлар тайёрлангани айтилган. Шунингдек, "Ҳалол" стандартларига мувофиқ гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича кластер ташкил этиш ва минтақадаги мамлакатларга экспорт қилиш режалари қўллаб-қувватланган.
“Шунингдек, тери ва жунни чуқур қайта ишлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш бўйича лойиҳалар таклиф этилди”, дейилган хабарномада.
Музокараларда бизнес, транспорт, маданий-гуманитар алоқалар, таълим, туризм, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, спорт ва ёшлар соҳаларида ҳамкорлик масалаларига ҳам тўхталинган.
Музокаралардан сўнг икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши ортидан икки президент оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг беришган, кейин эса шу куннинг ўзида Шавкат Мирзиёев ва Ухнаагийн Хурэлсух икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашув ўтказишган.
Мазкур тадбирда Мўғулистон томонидан MCS Investment, Mongol Basalt, Tavan Bogd Group, Asia Pharma, Khanbogd Cashmere, Erdenezoo Trans, ICT Group, ORDGEO, LBH Technology, NCD Group, Mega Wood, Modern Nomads каби етакчи компаниялари раҳбарлари, Ўзбекистон томонидан эса Basalt Uzbekistan, BMB Holding, New Way Industries, Panaev Farms, Ezel Central Asia, Azia Metall Prof, “Жиззах Жун”, Procab ва бошқа хусусий компаниялар вакиллари иштирок этишган.
Бизнес вакиллари билан учрашувдан сўнг меҳмон президент мезбон президент ҳамроҳлигида Фахрий меҳмонлар хиёбонида дарахт эккан.
Мўғулистон президенти Ўзбекистонга сафари давомида Хива шаҳрига ташриф буюриши режаланган.