Ўш вилоятининг Қорасув туманидаги Тельман қишлоғида Қирғизистон билан Ўзбекистонни боғловчи ерости туннели топилди, дея хабар қилди Озодликнинг қирғиз хизмати.
Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот хизмати хабарномасига кўра, лаҳм 15 метр чуқурликда бўлиб, унга эни 1,5х1,8 метр ўлчамли туйнук орқали кирилади. Туннел чегара чизиғидан 40 метр нарида бўлиб, киришдан чиқишгача узунлиги 270 метрни ташкил этган.
МХДҚ туннел топилган ер майдони эгаси Жалолобод вилоятининг Қизилжар қишлоғидаги руҳий хасталиклар шифохонасида даволанаётгани, унинг соғломлигини текшириш учун қайта экспертиза тайинланганини билдирган.
Қирғиз-ўзбек чегарасида 15 та назорат-ўтиш масканлари мавжуд. Икки мамлакат ўртасидаги чегаранинг умумий узунлиги 1378 километрни ташкил этади, шундан 85 фоизи ёки 1170 километри белгиланган ҳамда 2017 йилда шартнома билан ратификация қилинган.
Аввалроқ Қирғизистон ва Ўзбекистон расмийлари чегарани демаркация қилишга киришаётгани хабар қилинган. 5–7 май кунлари Бишкекда бу борада ташкилий-ҳуқуқий масалаларни мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳ музокаралари бўлиб ўтган.