Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида 15 дан зиёд ҳужжат имзоланди

Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга икки кунлик ташрифи доирасида 16 та икки томонлама ҳужжат имзоланган.

Президент матбуот хизмати маълумотига мувофиқ, икки давлат президентларининг музокаралари якунида даставвал Шавкат Мирзиёев билан Садир Жапаров Кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги қўшма баёнотга қўл қўйишган.

Шундан сўнг мезбон ва меҳмон президентлар ҳузурида Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилояти ҳудудида жойлашган курорт-ҳордиқ хўжалиги объектлари бўйича ҳукуматлараро битим, Фуқароларнинг ўзаро келиб-кетишлари тўғрисидаги ҳукуматлараро битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида баённома, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича икки томонлама музокараларни якунлаш тўғрисида баённома, Қурилиш фаолияти соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома, Меҳнат, аҳоли бандлиги ва миграция соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома, Маданият ва санъат соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома, Давлат хизмати соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома, 2024-2030 йилларда ўзаро савдо ҳажмини ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси, 2024-2026 йилларда жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси, 2024-2026 йилларда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича "йўл харитаси", Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ҳамда Қирғизистон президенти ҳузуридаги Стратегик ташаббуслар миллий институти ўртасидаги меморандум ва бошқа ҳужжатлар имзоланган.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров давлат ташрифини амалга ошириш учун Ўзбекистонга 18 июль куни эрталаб рафиқаси Айгул Жапарова билан биргаликда учиб келган. Меҳмонларни Тошкент халқаро аэропортида президент Шавкат Мирзиёев ва унинг рафиқаси Зироат Мирзиёева кутиб олишган.

Кўксарой қароргоҳида ўтказилган тантанали кутиб олиш маросими ортидан аввалига икки президентнинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтган. Унда, жумладан, икки давлат ўртасида парламентлар, ҳукуматлар, ташқи сиёсат ва тармоқ идоралари даражасидаги мулоқотлар натижадорлигини ошириш, халқаро ва минтақавий майдонлар, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Жаҳон савдо ташкилоти, минтақа давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари, “Марказий Осиё плюс” форматлари доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш зарурлиги таъкидланган, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда 2 миллиард долларга етказиш, қишлоқ ва сув хўжалиги, экология, хавфсизлик ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, стратегик аҳамиятга эга минтақавий лойиҳаларни, жумладан, “Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон” темир йўли ва Қамбарота ГЭС-1 қурилишини тез фурсатда амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган.

Икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда ўтказилган музокараларда эса, президент матбуот хизмати қайдича, савдо, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, хавфсизлик, маданият ва бошқа муҳим йўналишлардаги ҳамкорлик натижалари танқидий таҳлил қилинган. Музокаралар чоғида томонлар парламентлар, ҳукуматлар, вазирликлар, идоралар ва ҳудудлар, ишбилармонлар, экспертлар ва жамоатчилик даражасида фаол алоқаларни давом эттиришга келишиб олишган. Шунингдек, Давлатлараро кенгаш тузишга қарор қилинган.

Йиғилишда бош вазирлар ўринбосарларининг ҳисоботлари ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик юзасидан аниқ таклифлари тингланган, музокаралар якунида эса президентлар қўшма “йўл харитаси”ни тайёрлаш ва эришилган келишувларни самарали амалга ошириш механизмларини йўлга қўйиш бўйича топшириқ беришган.

Икки томонлама музокаралардан сўнг Мирзиёев ва Жапаров видеоалоқа форматида йирик кооперация лойиҳаларини ишга тушириш маросимида иштирок этишган. Жумладан, президентлар Фарғона ва Наманган вилоятларида умумий қуввати 400 мегаватт бўлган иккита қуёш электр станцияси қурилишига старт беришган. Мазкур станцияларда ишлаб чиқариладиган электр энергияси Қирғизистонга етказиб берилиши кўзда тутилган. Шунингдек, Қирғизистоннинг Чуй вилоятида “Кобальт”, “Оникс” ва “Трекер” русумли енгил ҳамда юк автомобиллари йиғиладиган заводни ишга туширишган. Президентлар Қирғизистон Қораболта шаҳрида жойлашган тикув-трикотаж маҳсулотлари ва мато ишлаб чиқарадиган фабрикани ҳам онлайн тарзда очиб беришган.

Қирғизистон президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифига оид тадбирлар 19 июль куни ҳам давом этади.