Ўзбекистон-Саудия Ишбилармонлар кенгашининг 17 август куни ўтказилган йиғилишида энергетика, кимё, электротехника, инфратузилмани ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, ахборот технологиялари ва транспорт соҳаларида умумий қиймати 14 миллиард доллардан ортиқ бўлган келишув ва шартномалар имзоланган. Бу натижа Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистони подшоҳлиги валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон билан 17 август куни Жидда шаҳрида бўлиб ўтган учрашувида қайд этилган.
Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Жиддадаги учрашувда томонлар Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилганлар.
Унда президент Мирзиёев Саудиянинг етакчи компанияларини Ўзбекистондаги тижорат банклари, йирик саноат ва инфратузилма объектларини хусусийлаштириш жараёнида фаол иштирок этишга чақирган.
Учрашувда Саудия тараққиёт жамғармаси иштирокида Ўзбекистон ҳудудларида транспорт, сув таъминоти, электр тармоқларини ривожлантириш бўйича инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилган.
Шунингдек, хавфсизлик соҳасида мулоқотни йўлга қўйиш, Афғонистонда тинчликни мустаҳкамлаш ва иқтисодиётни тиклашга кўмаклашиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш юзасидан якдил фикр билдирилган.
Музокаралар натижалари бўйича имзоланган ҳужжатлар алмашилган.
Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасида кенг қамровли шериклик муносабатларини янада кенгайтириш тўғрисида Қўшма баёнот қабул қилинган, икки мамлакат ҳукуматлари ва вазирликлари ўртасида энергетика, божхона, фуқаро авиацияси, туризм, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, меҳнат муносабатлари каби соҳаларда ҳамкорликка доир 15 та ҳужжат қабул қилинган.
Ўзбекистон президенти 17-18 август кунлари давлат ташрифи билан Саудия Арабистонида бўлиши, мазкур сафарни Мадинаи Мунавварадан бошлаган Ш. Мирзиёев чоршанба куни Масжидун-Набавий зиёратида бўлгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.