Ўзбекистон билан Туркия ўртасида 20 чоғли ҳужжат имзоланди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (ч) ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон (ў), Анқара, 2024 йил 6 июни (president.uz фотоси)

Туркияга расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 6 июнь куни Анқарада мезбон президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан биргаликда икки давлат ўртасидаги Кенг қамровли стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисида қўшма декларацияни имзолади.

Бундан ташқари, президент матбуот хизмати маълумотига кўра, икки президент ҳузурида кўп қиррали шерикликнинг қатор соҳаларини қамраб олган 19 та ҳужжат имзоланган. Илмий алмашинув ва юқори технологиялар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида битим, Ҳудудий ривожланиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисида битим, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишида техник кўмак кўрсатиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида баённома, Космик фанлар, технологиялар ва тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида баённома, Қишлоқ хўжалиги таълими соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома, Энергетик ривожланиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома, Ахборот соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома, Кадастр масалалари бўйича ҳамкорлик тўғрисида баённома, Туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома, Оила институти ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома, Бошқарув кадрларини тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома ва бошқалар шулар жумласидандир.

Шу билан бирга, тадбирда имтиёзли савдо, энергетика бозорини тартибга солишга оид икки томонлама ҳужжатлар ҳамда Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар режаси қабул қилинган.

Ҳужжатларни имзолаш маросимидан сўнг Эрдўғон ва Мирзиёев Анқарада ўтказилган Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилиши якунлари бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот беришган.

Ўзаро илтифотларга тўла нутқлар давомида мезбон президент ҳам, меҳмон президент ҳам асосан Туркия билан Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шерикликнинг бугуни ва истиқболи тўғрисида сўзлашган.

Хусусан, Ўзбекистон президенти ўз сўзида: “Биз ҳамкорликнинг янги, янада мустаҳкам кўприкларини қураяпмиз. Ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон-Туркия Стратегик ҳамкорлик кенгаши йиғилиши ҳозирги вақтда алоқаларимиз тарихида янги саҳифа очмоқда. Бундай юксак даражадаги мулоқот формати ўзаро ишонч ва ҳурматнинг олий ифодасидир”, деган.

Ўзбекистон президенти ўз нутқи давомида Фаластин-Исроил муаммосини тинч йўл билан ҳал қилиш зарурлигини урғулаган.

Барқарор ва узоқ муддатли тинчликка эришиш учун мустақил ва озод Фаластин давлати ташкил этилиши шарт”, деган Шавкат Мирзиёев.

Журналистлар учун уюштирилган брифингда Мирзиёев ҳам, Эрдўғон ҳам Туркияга келаётган ўзбекистонликлар рўбарў бўлаётган муаммолардан сўз очмаган. Бироқ, президент матбуот хизмати маълумотига кўра, аввалроқ Туркия ва Ўзбекистон президентлари ўртасидаги тор доирада бўлиб ўтган учрашувда “икки давлат фуқароларининг борди-келдиси учун энг қулай шароитларни яратиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилган”.

Тор доирадаги мазкур учрашув чоғида яна олдига товар айирбошлашни 5 миллиард долларга етказиш, жумладан, Имтиёзли савдо битими доирасида маҳсулот турларини кенгайтириш вазифаси қўйилган. Шунингдек, Истанбул шаҳрида Ўзбекистоннинг савдо ваколатхонасини ташкил этиш бўйича келишувга эришилган.

Учрашувда томонлар хавфсизлик ва мудофаа, терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва мувофиқлаштириш зарурлиги таъкидлашган ҳамда ўзаро фаол маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттиришга келишиб олишган.

Тор доирадаги учрашув ортидан икки президент раислигида Ўзбекистон-Туркия Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтган.

Тадбирда Ўзбекистон томонидан "Global Textile", "ProCab", "Agromir Group", "ERIELL Group", "Akfa Holding", "Murad Buildings", "SAG", "BMB Holding", "Uzbekistan Hydrogen" компаниялари, Туркия томонидан эса "Çalık", "Cengiz", "Acibadem", "Eczacıbaşı", "Anadolu Group", "Aksa Energy", "Zorlu", "Kalyon", "Onur Group" каби холдинг компаниялари иштирок этишган.

Мирзиёев ва Эрдўғон икки давлат Ишбилармонлар кенгашининг тузилиши икки томонлама муносабатлар ривожи янги босқичга кўтарилганининг рамзи эканини таъкидлашган.

Мазкур тадбирлар аввалида Ўзбекистон президенти “Turkish Aerospace Industries Inc.” компанияси фаолияти билан танишган. Ташриф давомида Мирзиёев учун Туркия мудофаа саноатининг кенг турдаги қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникани ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган бошқа корхоналари фаолияти тақдимоти уюштирилган ҳамда авиация техникасининг намойиш парвозлари ҳам ўтказилган.

Анқарага ташриф ниҳоясида Шавкат Мирзиёев Ражаб Тоййиб Эрдўғон қўлидан "Туркия Республикаси нишони"ни қабул қилиб олган. Қайд этилишича, мазкур орден Туркия билан дўстона муносабатларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшган давлат арбобларига берилади. Бунинг ортидан икки президент рафиқалари билан Туркия халқ амалий санъати ва таомлари кўргазмасига боришган.

Шу билан ташриф тадбирлари якунланган ҳамда Тошкентга йўл тутган Мирзиёев ва рафиқасини "Эсенбўға" аэропортида Эрдўғон ва рафиқаси кузатиб қўйган.