Ўзбекистон чегараларида Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия ва Мудофаа вазирлиги ходимларидан иборат 120 та “мобил гуруҳ” фаолият кўрсатмоқда. Бу ҳақда 31 октябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан “Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш борасида чегара қўшинлари, мудофаа, божхона хизмати, ички ишлар органлари ва маҳаллалар ўзаро ҳамкорлигининг асосий йўналишлари: тажриба, самаралар ва истиқболдаги вазифалар” деган мавзудаги давра суҳбати чоғида айтилган.
Сенат ахборот хизмати маълумотига кўра, давра суҳбатида мобил гуруҳлар “қўшни давлатларда юзага келаётган кескин ижтимоий-сиёсий вазиятнинг Ўзбекистонга таъсирининг олдини олиш, тезкор-криминоген ва ижтимоий-сиёсий вазият барқарорлигини сақлаш, аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, турли кўринишдаги жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида” ташкил этилганига эътибор қаратилган.
Сенаторлар, халқ депутатлари, ДХХ чегара қўшинлари, Мудофаа, Ички ишлар ва Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирликлари, Давлат божхона қўмитаси ва Ёшлар ишлари агентлигининг раҳбар ходимлари ҳамда журналистлар иштирок этган тадбирда “дунёдаги вазият шиддат билан ўзгариб, хавфсизликка нисбатан таҳдид ва хатарлар тобора кучайиб бораётган” бир шароитда давлат чегарасига туташ ҳудудларда чегара қўшинлари, мудофаа, божхона хизмати, ички ишлар органлари ва маҳаллалар, ўзини ўзи бошқариш органлари ва мутасадди идора вакиллари билан ҳамкорликда чегара мустаҳкамлигини таъминлаш, турли кўринишдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилаётгани урғуланган.
“Хусусан, мамлакатнинг чегарадош ҳудудларида 541 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, уларда яшовчи аҳоли сони қарийб 1,6 млн нафарни ташкил этади. Ушбу маҳаллаларда ички ишлар органларининг профилактик ҳисобида турувчи 5 108 нафар (муқаддам судланганлар – 902 нафар, диний экстремистик оқим аъзолари – 330 нафар, вояга етмаган ҳуқуқбузарлар – 94 нафар ва бошқа тоифадагилар – 3 782 нафар) шахслар мавжуд”, дейилган хабарномада.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ҳудудига турли жангари гуруҳлар кириб келишининг олдини олиш, мамлакат сарҳадларининг дахлсизлиги ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ижтимоий-сиёсий ва тезкор вазиятни узлуксиз назоратга олиш ишларини янада кучайтириш мақсадида Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари, Миллий гвардия, Ички ишлар ва Мудофаа вазирликлари билан ҳамкорликда жорий йил март ҳамда август ойларида барча чегарадош аҳоли масканларида “Чегара-тозалаш” тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилган.
Шунингдек, учрашувда Мудофаа вазирлиги, ИИВ, ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий қисмлари ходимлари билан ҳамкорликда чўпон, овчи ва ўрмон хўжалиги ходимларини жалб қилган ҳолда 2022 йилнинг ўтган даври давомида чегараолди, тоғли ва бориш қийин бўлган ҳудудларда 2 154 маротаба разведка-қидирув тадбирлари ўтказилгани айтилган.
Шу йил август ойида Ўзбекистон расмийлари Афғонистон билан чегарадаги нохуш ҳодисада икки киши нобуд бўлгани ҳақида маълум қилишган. Ўшанда 24 нафар афғонистонлик қизилмия илдизини териш мақсадида давлат чегарасини бузиб, Орол Пайғамбар оролига ўтишгани, ўзбек чегарачилари қаршилик кўрсатган бу одамлардан икки нафари ҳалок бўлиб, олти нафари яралангани айтилган.
Сўнгги ҳафталарда ўзбек-қирғиз чегарасидаги Кампиробод сув омбори бўйича Бишкек билан Тошкент эришган келишув юзасидан қирғизистонликлар орасида норозилик кайфияти кучаяётгани кузатилмоқда.