Ўзбекистон эрта никоҳ муаммоси мавжуд давлатлар рўйхатига киритилди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда, энг паст кўрсаткичда бўлса-да, болалар никоҳи мавжуд, дейилган Equality Now халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳисоботида.

Халқаро ташкилотга кўра, болалар, эрта ва мажбурий никоҳ Евросиёда кенг тарқалган долзарб муаммо бўлиб қолмоқда. Бу ҳолат камбағал оилалар, қишлоқ жойлари ва зиддиятлардан азият чеккан ҳудудларда кўпроқ кузатиляпти.

Минтақа бўйича Грузия ва Қирғизистонда болалар никоҳининг энг катта кўрсаткичи, Ўзбекистонда эса энг кичик кўрсаткичи кузатилган.

Ўзбекистонда болалар никоҳи 3,4 фоиз бўлиб, сўнгги ўн йил ичида сезиларли даражада камайган. Бироқ, Equality Now қайдича, мамлакатда баъзи муаммолар сақланиб қолган.

Умуман, тадқиқотда Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистондаги болалар никоҳи, эрта никоҳ ва мажбурий никоҳ муаммоси таҳлил қилинган.

Экспертларга кўра, етти давлатнинг барчаси болалар ва мажбурий никоҳга оид қонунларни ислоҳ қилиш бўйича чоралар кўрган, бироқ фақат Грузия ва Озарбайжон никоҳ учун минимал ёшни истисносиз 18 ёш деб белгилаган.

Қолган мамлакатларда ота-она розилиги ёки маҳаллий ҳокимият рухсати билан 18 ёшга тўлгунга қадар никоҳ қуришга имкон берилади. Россиянинг бир қатор минтақаларида ҳатто 14 ёшдан бошлаб никоҳга рухсат мавжуд.

Equality Now ташкилоти никоҳ учун минимал ёшни истисносиз 18 ёш этиб белгилашга чақирган. Ҳукуматларга, шунингдек, қизларни ёш турмушга узатмаслик учун оилаларни моддий рағбатлантириш чораларини кўриш уқтирилган.

2019 йил 1 сентябридан Ўзбекистон қонунчилигига эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёшини 18 ёш этиб белгиловчи норма киритилган. Унга қадар оила қуришнинг энг кичик ёши йигитлар учун 18, қизлар учун 17 ёш бўлган.

Расмий статистикага кўра, мамлакатда 2023 йилда эрта никоҳлар сони 42 тани ташкил этган. Аммо амалда бу рақам каттароқ экани тахмин қилинади.