Жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон олтин сотиш бўйича жаҳонда биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда World Gold Council (Жаҳон олтин кенгаши) ҳисоботида айтилган.
Маълум бўлишича, Ўзбекистон Марказий банки 2022 йилнинг иккинчи ойида 22 тонна қимматбаҳо металл сотган, шундан сўнг мамлакат тасарруфида 339 тонна олтин қолган.
Иккинчи ўринни 6 тонна олтин сотган Қатар, учинчини эса 5 тонна олтин сотган Қозоғистон эгаллаган.
Қай бир мамлакатлар олтин сотиш билан шуғулланар экан, бошқа давлатлар аксинча олтин захирасини кўпайтиришда давом этганлар. Дейлик, февраль ойида Туркия 25 тонна олтин сотиб олган бўлса, Ҳиндистон 2,6 тонна қимматбаҳо металл харид қилган.
Ўзбекистон 2020 йил июлида ҳам 11,6 тонна олтин сотиб, дунёда энг кўп олтин сотган мамлакатга айланганди. Аммо мамлакатнинг шу йил февралида сотилган олтин миқдори 1,5 йил аввалги рекорд кўрсаткичдан қарийб икки баравар кўпдир.